Япониядан 2 нафар Ўзбекистон фуқароси депортация қилинди
Япония Иммиграция хизмати агентлиги мамлакатда ноқонуний бўлиб турган 2 нафар Ўзбекистон фуқаросини депортация қилди. Бу ҳақда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳар икки фуқаро Японияга қисқа муддатли виза билан кирган. Бироқ виза муддати тугаганидан кейин ҳам мамлакатда ноқонуний қолган ва кейинчалик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинган.
Элчихона маълумотига кўра, Японияда ноқонуний бўлиш ёки ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланиш аниқланса, қоидабузарларга нисбатан қатъий чоралар қўлланади. Жумладан, улар полиция томонидан қўлга олиниши, иммиграция марказига жойлаштирилиши ҳамда депортация қилиниши мумкин.
Шунингдек, Япония ҳукумати қоидабузарларга оид маълумотларни Ўзбекистоннинг тегишли органларига тақдим этиши сабабли, фуқаролар ватанига қайтгач ҳам қонунчилик доирасида тегишли чоралар кўрилиши эҳтимоли мавжуд.
Элчихона фуқароларни эҳтиёткор бўлишга чақириб, “Японияда бемалол ишлаш мумкин” мазмунидаги асоссиз таклифларга ишонмасликни тавсия қилди.
Бундан ташқари, қочқинлик мақомини олиш учун ариза топшириш Японияда узоқ муддат қолиш ёки ишлаш имконини беради, деган қараш нотўғри экани таъкидланди. Агар бундай ариза рад этилса, шахс иммиграция марказига жойлаштирилиши ёки депортация қилиниши мумкин. Шунингдек, қочқинлик мақомини олиш жараёнида ёлғон маълумот тақдим этиш ёки ноқонуний усуллардан фойдаланиш жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши қайд этилди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!