Тошкентда “Ҳудудгазтаъминот” ва “Технопарк” мансабдорлари 19,9 млрд сўмлик талон-торожда гумон қилинмоқда
Тошкент шаҳрида 19,9 миллиард сўмлик бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолати фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.
Маълум қилинишича, терговга қадар текширув давомида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва “Технопарк” МЧЖнинг айрим масъул шахслари ўзаро тил бириктириб, электрон газ ҳисоблагичларига техник хизмат кўрсатиш баҳонасида 19 миллиард сўмдан ортиқ бюджет маблағини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганликда гумон қилинмоқда.
Шунингдек, текширувда “Технопарк” МЧЖ ишлаб чиқарган ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан истеъмолчиларга ўрнатилган 273 дона газ ҳисоблагичи кўрсаткичларни кам ҳисоблагани аниқланган. Бу ҳолат оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 861,1 миллион сўм миқдорида зарар етказилгани қайд этилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда 1,4 миллиард сўмлик бюджет маблағлари кешбек схемаси орқали талон-торож қилингани ҳам аниқлангани ҳақида хабар берилганди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!