Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат буюртмачиларининг давлат харидларига оид фаолиятини мониторинг тартибда ўрганди.
Ўрганишда, давлат буюртмачилари томонидан ўтказилган қурилиш соҳасидаги давлат харидлари сунъий равишда қисмларга бўлингани, айрим давлат харидларида бир хил иштирокчилар такроран ғолиб бўлгани, айрим буюртмачилар қонун талабларига зид равишда қурилиш соҳасидаги давлат харидлари бўйича эълонларни “Шаффоф қурилиш” ахборот марказининг “tender.mc.uz” махсус платформасига жойлаштирмагани ва бошқа қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Хусусан, Андижон давлат университети томонидан 2021 йилда қурилиш соҳасида қиймати 5 млрд. сўмдан ортиқ 15 та давлат харидлари ўтказилган бўлиб, давлат харидлари қонун талабларига зид равишда сунъий равишда қисмларга бўлинган ва натижада 2 та тендер шаклида “tender.mc.uz” махсус ахборот портали орқали электрон шаклда ўтказилиши керак бўлган харидлар 10 та танлов шаклида ўтказилган ҳамда 2 та ҳолатда бир хил мазмундаги 5 та танловлар қисмларга бўлинган ҳолда ўтказилган.
Таҳлиллар натижасида, Андижон давлат университети томонидан ўтказилган 15 та қурилиш соҳасидаги танловларда 7 та хўжалик юритувчи субъектлар ғолиб бўлган бўлиб, сунъий равишда бўлинган харидларнинг деярли барчасида бир хил иштирокчилар қатнашган ва бир хил иштирокчи ғолиб бўлган.
Шунингдек:
– “Навоий савдо комплекс” акциядорлик жамияти томонидан 2022 йил 5 январ куни жамият савдо комплексини таъмирлаш бўйича қиймати 21,7 млрд. сўмлик;
– “Тошкентдонмаҳсулотлари” АЖ буюртмачилигидаги 2022 йил 18 январ куни жамият маъмурий биносини жорий таъмирлаш юзасидан қиймати 1,627 млрд. сўмлик;
– Самарқанд шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси буюртмачилигида 2021 йил 27 март куни “Самарқанд шаҳар марказий кўча ва хиёбонларига дизайн асосида дарахт экиш ишлари”ни амалга ошириш бўйича 230 млн. сўмлик;
– “Пахтасаноат Илмий маркази” АЖ буюртмачилигидаги 2022 йил 17 январ куни меҳмонхона биносидаги 5 та хоналарни бузиб қайта режалаштириш ва дизайн асосида 8 та лукс хоналарга айлантириш юзасидан қиймати 996 млн. сўмлик;
– “Трансгазинжиниринг” МЧЖ буюртмачилигида 2022 йил 21 январ куни “қурилиш-таъмирлаш ишлари”ни бажариш юзасидан қиймати 2,456 млрд. сўмлик;
– Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги “Маъмурий-хўжалик хизмати” ДУК буюртмачилигида 2022 йил 24 январ куни вазирлик маъмурий биносини жорий таъмирлаш юзасидан қиймати 1,681 млрд. сўмлик тендер савдоларида қонунбузилишлар аниқланган.
Юқоридаги қонунбузилиши ҳолатлари бўйича буюртмачиларга давлат харидларини бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш ҳақида 7 та тақдимнома ва Бош прокуратурага 3 та сўровнома киритилган.
Маълумот учун, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунининг 46-моддасида, давлат харидларини амалга оширишнинг рақобатга асосланган усулларини четлаб ўтиш мақсадида давлат харидлари ҳажмини қисмларга бўлиб ташлашга йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 февралдаги 55-сонли қарори билан тасдиқланган “Қурилиш соҳасида танловларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги вақтинчалик Низомнинг 3-бандида, давлат буюртмачиларининг ва Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 2500 бараваридан ортиқ (675 млн. сўм) бўлган қурилиш соҳасидаги давлат харидлари “tender.mc.uz” махсус ахборот портали орқали электрон шаклда амалга оширилиши белгиланган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!