Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасининг ортиб бораётганлиги ва “салбий” рейтингларда етакчи ўринларга чиқаётганлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабарлар барчада асосли ташвиш ва қайғу уйғотмоқда.
Пойтахт атмосфера ҳавосини ифлосланишига қуруқ иқлим, қумли ва қумлоқ тупроқлар каби табиий омиллар билан бир қаторда иқлим ўзгариши, саноат ва автотранспорт воситаларидан ташламалар чиқариш ҳажмларининг ошиб бориши, эълон қилинган мораторий даврида ҳам қимматбаҳо дарахтлар ноқонуний кесилиши, шаҳарсозлик бош режалари тасдиқланмасдан қурилиш ишларининг жадал амалга оширилиши бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Прокуратура органлари ушбу ҳолатларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни, Президентнинг тегишли фармонлари ва топшириқлари ҳамда соҳага оид бошқа қонун ҳужжатларининг ижросини аҳволи атмосферага чиқарилаётган зарарли ташламалар миқдорини камайтириш ва атмосфера ҳавосининг ҳолатини яхшилашга асосий эътиборни қаратган ҳолда жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб республика бўйича режавий текшириш тадбирлари ўтказилишини йўлга қўйишган.
Таҳлилларда I ва II тоифага кирувчи, атроф - муҳитга таъсири юқори бўлган саноат корхоналарида 2024 йилда белгиланган замонавий чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш ишлари пайсалга солинаётганлиги, шу жумладан Тошкент вилоятда 27 та корхонадан 19 тасида, Тошкент шаҳрида эса 31 та корхонадан 8 тасидагина бу ишлар амалга оширилганлиги маълум бўлган.
Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги текширишлар Экология, Соғлиқни сақлаш, Транспорт, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Гидрометеорология хизмати агентлиги, Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ва бошқа мутасадди ташкилотлар мутахассислари жалб қилинган ҳолда бевосита Бош прокуратура томонидан жорий йилнинг 22 октябрь кунидан бошлаб амалга оширила бошланди.
Шунингдек, Бош прокуратура томонидан аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари алоҳида назоратга олиниши ҳамда улар бўйича кескин ва муросасиз чоралар кўриб борилиши қатъий таъминланади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!