Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида, Сирдарё бўйида жойлашган қадимий Аҳсикент бугун ҳам минг йиллик тарих нафаси билан яшаб турибди. Бир вақтлар Фарғона водийсининг энг йирик ва қудратли шаҳарларидан бири бўлган бу маскан ҳозир харобаларга айланган бўлса-да, ҳар бир ғиштида буюк ўтмиш излари сақланиб қолган.
Тарихчиларга кўра, Аҳсикент милоддан аввалги III–II асрларда бунёд этилган ва узоқ йиллар давомида Буюк Ипак йўлининг муҳим марказларидан бири бўлиб хизмат қилган. Савдо карвонлари айнан шу ҳудуд орқали ўтган, шарқ ва ғарбни боғлаган савдогарлар эса шаҳарнинг равнақ топишида муҳим роль ўйнаган.
IX–X асрларга келиб Аҳсикент Фарғона водийсининг сиёсий ҳамда иқтисодий марказига айланган. Бу ерда зарб қилинган тангаларнинг кенг ҳудудларда муомалада бўлгани шаҳарнинг қудрати ва ривожланганидан далолат беради.
Бугунги кунгача сақланиб қолган мудофаа деворлари ҳамон ўз салобатини йўқотмаган. Айрим деворларнинг баландлиги 20 метрга, қалинлиги эса 10 метрга етгани айтилади. Қадимий шаҳар бешта дарвоза ва чуқур хандақлар билан ҳимояланган бўлган.
Археологик топилмалар Аҳсикент аҳолиси юқори турмуш маданиятига эга бўлганини кўрсатади. Қадимий уйлар ичида ошхона, омборхона, ётоқхона ва ҳатто тоза сув қудуқлари мавжуд бўлган. Хоналарни иситишда эса махсус ўчоқлардан фойдаланилган.
Аҳсикент номи буюк саркарда ва мутафаккир Заҳириддин Муҳаммад Бобур билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Бобурнинг отаси Умаршайх Мирзо II айнан шу шаҳарда ҳукмронлик қилган ва уни ўз қароргоҳига айлантирган.
Аммо урушлар ва табиий офатлар шаҳар тақдирини ўзгартириб юборди. Қорахитойлар босқини, Чингизхон юришлари ҳамда 1621-йилдаги кучли зилзила Аҳсикентнинг таназзулга юз тутишига сабаб бўлган.
Бугун эса қадимий Аҳсикент харобалари тарих ихлосмандлари ва сайёҳларни яна ўзига чорламоқда. Бу маскан оддий хароба эмас, балки Фарғона водийсининг унутилмас тарихи ва аждодларимиздан қолган бебаҳо меросидир.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!