Россиянинг Сахалин вилоятида жазо муддатини ўтаётган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари жазонинг қолган қисмини ватанда ўташ истагини билдирди. Бу масала Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси ходимларининг хизмат сафари давомида муҳокама қилинди.
Ташриф доирасида дипломатлар Сахалинде жойлашган 1-сонли жазони ижро этиш муассасасида бўлиб, у ерда сақланаётган 11 нафар Ўзбекистон фуқароси билан учрашди. Суҳбат давомида маҳкумларнинг яшаш шароити, уларга яратилган имкониятлар ҳамда умумий ҳолати ўрганилди.
Учрашувда мажбурий меҳнат, босим ёки қийноқ ҳолатлари мавжудлиги бўйича саволлар ҳам берилди. Шунингдек, уларнинг Россия Мудофаа вазирлиги орқали Украинадаги ҳарбий ҳаракатларга жалб этилиши мумкинлиги юзасидан ҳам аниқлик киритилди.
Маҳкумлар бундай ҳолатлар кузатилмаганини билдирган. Бироқ айрим ҳолларда Россия Мудофаа вазирлиги вакиллари муассасага ташриф буюриб, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш эвазига судланганликни бекор қилиш ва юқори маош олиш таклифлари ҳақида маълумот берилишини айтганлар.
Дипломатлар Ўзбекистон фуқароларига хорижий давлатлар ҳарбий тузилмаларида иштирок этиш қонунчиликка зид эканини, бу ҳолат Жиноят кодексининг 154-моддаси — “Ёлланиш” бўйича жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлигини эслатиб ўтди.
Учрашув якунида маҳкумлар жазонинг қолган қисмини Ўзбекистонда ўташ бўйича амалий ёрдам сўради. Бироқ Бош консулхона ҳозирча Ўзбекистон ва Россия ўртасида маҳкумларни ўзаро топшириш бўйича расмий келишув мавжуд эмаслигини маълум қилди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!