1 март – таниқли ўзбек шоираси Зулфияхоним дунёга келган кун. Шунингдек, айнан мана шу санада дунёдаги биринчи миллий боғ очилган, F витамин кашф қилинган.
Зулфияхоним таваллуд топган кун
Зулфия Исроилова 1915 йилнинг 1 март санасида Тошкентда дунёга келган. Шеъриятдаги қизғин ижоди, журналистик ва таржимонлик фаолияти билан нафақат ўзбек ҳали, балки хорижлик мухлислар қалбидан ҳам жой эгаллаган.
Зулфия – ўзбек аёлининг садоқати тимсолига айланган. 1935 йилда шоир Ҳамид Олимжон билан оила қурган шоира орадан 9 йил ўтиб турмуш ўртоғининг фожиали ўлимидан кейин икки нафар фарзанди билан ёлғиз қолган. Аммо, тушкунлик уни ижоддан тўхтата олмаган. Забардаст ижодкор ўрта осиёлик энг машҳур шоиралардан бири ҳисобланади.
Зулфияхоним Жавоҳарлаъл Неру номидаги ва "Нилуфар" халқаро мукофотига сазовор бўлган, "Ўзбекистон қаҳрамони" унвони билан тақдирланган. Шунингдек, истеъдодли қизлар учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилган.
Дунёдаги биринчи Миллий боғ очилган кун
1872 йилнинг 1 март куни дунёдаги биринчи миллий боғ – АҚШдаги Йеллоустоун боғи ўз фаолиятини бошлаган. У Американинг Ваёминг штатида, қадимги супервулқон кратерида жойлашган. Бу ерга ҳар йили миллионлаб сайёҳлар турли-туман гейзерларни томоша қилиш учун ташриф буюришади.
Боғ ҳудудида дунёдаги энг катта ва айни вақтда уйқу ҳолатида бўлган Йеллоустоун вулқони бор. У 2 миллион йиллик тарихида атиги 3 марта уйғонган. Вулқоншунослар Йеллоустоуннинг исталган вақтда уйқудан бош кўтариши мумкин эканлигини айтишади.
F витамини кашф этилган
1928 йилнинг 1 март куни F витамини кашф қилинган. У яримтўйинган ёғ кислоталари комплекси бўлиб, номи инглиз тилидаги “fat” – "ёғ" сўзининг биринчи ҳарфидан олинган. Ф витамини одам организмида ишлаб чиқарилмайди, инсон уни фақатгина ташқаридан, озиқ-овқат ва витамин комплекслари ёрдамида қабул қилиши мумкин.
F витамини ўсимлик ёғи, ёнғоқ, бодом, қовоқ уруғлари, ёғли балиқ, тухум ҳамда авокадо таркибида мавжуд.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!