Россиянинг Уфа шаҳрида 12 та автомобил иштирокидаги йирик ЙТҲга сабаб бўлган Ўзбекистон фуқароси 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Ҳодиса оқибатида уч киши ҳалок бўлган, яна бир киши оғир жароҳат олган. Бу ҳақда “Коммерсант” суд қарорига таяниб хабар берди.
Суд ҳукмига кўра, 28 ёшли Ўзбекистон фуқароси тегишли ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ҳолда Шаcман русумли юк самосвалини бошқарган. У икки ёки ундан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлган йўл-транспорт ҳодисасини содир этишда айбдор деб топилган.
Воқеа 2025-йил октябрь ойида юз берган. Тергов маълумотларига кўра, юк машинасининг тормоз тизими носоз бўлган. Ҳайдовчи эса транспорт воситасининг техник ҳолатини текширмаган.
Шунингдек, у юк оғирлигини белгиланган меъёрдан оширган, йўл шароити ва автомобилнинг ҳолатини ҳисобга олмаган ҳамда тезликни ошириб ҳаракатланган.
Натижада юк машинаси бошқарувдан чиқиб кетиб, Уфа шоссеси ва Чудская кўчалари кесишмасига яқин ҳудудда 12 та автомобил билан тўқнашган.
Йирик авария оқибатида уч киши ҳалок бўлган, яна бир йўловчи оғир тан жароҳатлари олган.
Суд ўзбекистонлик ҳайдовчини 9 йилга колонияга юбориш билан бирга, жазо муддатини ўтаб бўлганидан кейин уч йил давомида автомобил бошқаришини тақиқлади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!