АҚШ президенти Доналд Трамп Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Саудни Оқ уйда қабул қилди.
“Бу 2018 йилдан бери шаҳзоданинг Қўшма Штатларга биринчи ташрифи бўлиб, ўша йили Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигида The Washington Post журналисти Жамол Қошиқчи ўлдирилган эди. АҚШ махсус хизматлари маълумотларига кўра, ушбу қотилликни айнан шаҳзода Муҳаммад бин Салмон буюртма қилган”, дея ёзмоқда The Insider нашри.
Доналд Трамп ва Муҳаммад бин Салмон учрашувида ўтказилган матбуот анжуманида журналистлардан бири Қошиқчининг ўлдирилиши ҳақида савол берди.
“У бу ҳақда ҳеч нарса билмайди. Бизнинг меҳмонимизни бундай саволлар билан безовта қилишингиз шарт эмас”, — дея жавоб берди АҚШ президенти.
Бундан ташқари, Трамп АҚШ Саудиядан 600 млрд долларлик сармоя кутаётганини айтди. Шаҳзода эса инвестиция пакетини деярли 1 триллион долларгача оширишга ваъда берди, бу миқдор қиролликнинг йиллик ялпи ички маҳсулотига тенг.
Трамп шунингдек, Саудия Арабистонига F-35 қирувчи самолётларини сотишга тайёрлигини эълон қилди. Бу бу қачон амалга оширилиши ва қанча самолёт етказиб берилиши очиқланмади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!