Президент Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек туманидаги Ўзбекистон овози кўчасида ташкил этилган гастрономик туризм кўчаси фаолияти билан танишди.
Туризм кам маблағ эвазига кўп иш ўрни яратадиган, аҳоли даромадларини ошириб, ҳудудлар қиёфасини яхшилайдиган муҳим соҳадир. Тошкент шаҳрида бу борада имкониятлар катта.
Хусусан, Мирзо Улуғбек туманида мазкур салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон овози кўчасида олиб борилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари мамлакатимизда туризм ва сервис соҳаларини ривожлантиришга қаратилган алоҳида эътиборнинг амалий ифодаси бўлди.
Мазкур лойиҳа давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 30 апрелда қабул қилинган “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилган.
Объект 2025 йил сентябр ойида ишга туширилган бўлиб, лойиҳаси Россиянинг “City Makers” ва “Lyudi Arxitekt” бюролари томонидан ишлаб чиқилган.
Кўчанинг умумий узунлиги 2,1 километрни ташкил этади. Бу ерда замонавий инфратузилма яратилган. Жумладан, кенг пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилган, аҳоли ва сайёҳлар учун қулай шароитлар яратилган.
Ҳудудда селфи-зоналар, очиқ ҳаводаги спорт майдончалари, биоҳожатхоналар ташкил этилган. Шунингдек, оилавий дам олиш масканлари, болалар учун экомайдончалар ва арқонли боғ фаолият кўрсатмоқда.
Давлатимиз раҳбари кўча бўйлаб юрар экан, замонавий услубда таъмирланган хонадонлар, обод кўчалар ва аҳоли учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Шу ерда истиқомат қилаётган оилалар билан самимий суҳбатлашди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 40 миллиард сўмни ташкил этади. Кўчада жами 165 та савдо объекти фаолият юритмоқда. 89 та тадбиркорлик субъекти узлуксиз ишлаш тартибига ўтган. Шунингдек, 2 минг 221 та янги иш ўрни яратилган.
Президентимизга шу ернинг ўзида Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи туризм ва гастрономик кўчаларда амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берилди.
Қайд этилганидек, 2025 йилда пойтахтда жами 26 та кўча тун-у кун фаолият юритишга ўтди. Бу йўналишга 540 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Натижада 1 минг 103 та янги савдо ва сервис объекти ташкил этилиб, 315 та тадбиркорлик субъекти 24/7 режимда ишлашни бошлади, 26 та хорижий бренд фаолияти йўлга қўйилди.
Амалга оширилган ишлар иқтисодий кўрсаткичларга ҳам ижобий таъсир кўрсатган. Кўчаларда турли хизматлардан фойдаланувчилар суткасига 80 мингдан 200 мингга етган, 6 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланган.
Жорий йилда яна 18 та янги туризм кўчасини ташкил этиш, 500 та янги объектни ишга тушириш ва 7 минг нафаргача янги иш ўрни яратиш режалари ҳақида маълумот берилди.
Президентимиз Мирзо Улуғбек туманида гастрономик туризм кўчалари сонини янада кўпайтириш, мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш, хизматлар сифатини ошириш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!