Президент хорижий компанияларни Жоржиядаги ICE рейдидан кейин АҚШнинг иммиграция қонунларини ҳурмат қилишга чақирди.
АҚШ президенти Доналд Трамп Иммиграция ва божхона назорати (ICE) томонидан Жоржиядаги Hyundai-ЛГ заводига уюштирилган рейдни изоҳлар экан, хорижий компанияларни мамлакатнинг иммиграция қонунчилигига риоя қилишга ва америкаликларни иш билан таъминлашга чақирди.
Truth Social платформасидаги баёнотида Трамп Қўшма Штатларга сармоя киритиш маъқул эканини таъкидлади, бироқ “қонуний йўллар” орқали ишчиларни ёллаш зарурлигини билдирган.
“Биз барча хорижий компаниялардан иммиграция қонунларимизни ҳурмат қилишларини талаб қиламиз. Бунинг эвазига сиздан америкалик ишчиларни ёллаб, ўқитишингизни кутамиз”, – деб ёзган Трамп.
5 сентябрь куни ICE бўлинмалари Жоржиядаги электр автомобиль аккумуляторларини ишлаб чиқарувчи корхонада кенг кўламли операция ўтказган. ОАВ маълумотларига кўра, 450 га яқин киши ҳибсга олинган, улардан 300 дан ортиғи Жанубий Корея фуқароларидир.
Сеул АҚШ расмийларининг хатти-ҳаракатларидан “хавотир ва афсусда” эканини билдирди. Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ли Чже Вун “АҚШга сармоя киритаётган компанияларнинг иқтисодий фаолияти ва фуқароларимизнинг ҳуқуқлари бузилмаслиги керак”, – деди.
Жанубий Корея президенти маъмурияти маҳбусларни қайтариш бўйича музокаралар якунлангани, зарур тартиб-қоидалар тугаллангач, уларни олиб кетиш учун АҚШга махсус самолёт жўнатилгани ҳақида хабар берди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!