Қашқадарё — Ҳисор тизмаси этаклари билан Қарноб–Мирзачўл текисликлари оралиғидаги қадимий воҳа. Бугунги маъмурий бирлик — Қашқадарё вилояти — собиқ СССР даврида 1964 йилда ташкил этилган бўлиб, маркази Қарши ҳисобланади. Вилоят ҳудудида қадимий Кеш (Шаҳрисабз) ва Насаф–Нахшаб (Қарши атрофи) сингари тарихий марказлар жойлашган бўлиб, улар минг йилликлар давомида Суғд диёри сиёсий-маданий ҳаётида муҳим роль ўйнаган. Ушбу мақолада сиз вилоят тарихига оид кўплаб қизиқарли ва муҳим маълумотларни топасиз. Демак, бизда “Мозий” саҳифаси давом этади.
Қадимги Суғд воҳаси: Кеш ва Нахшабнинг илдизлари
Антик ва илк аср ёзма манбаларида бугунги Қашқадарё ҳудуди Сўғдиёна таркибидаги жанубий шаҳристонлар қаторида тилга олинади. Шулардан Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) ва Насаф (Нахшаб) – Қарши атрофидаги қадимий шаҳар алоҳида ажралиб туради. Қадимги- асрий Суғд марказлари рўйхатида Кеш ва Нахшаб тилга олиниши, бу ҳудуднинг эрта шаҳарлашув жараёнига кирганини кўрсатади. Илк темир даврида Ўрта Осиёнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётида муҳим ўрин эгаллаган Сўғдиёна ўлкаси турли қадимги манбаларда Суғда, Суғуда, Сўғдиёна номлари билан аталаган. Бу номларнинг келиб чиқиши ва уларнинг маъноси ҳақида ҳозирча аниқ ва якуний фикрлар мавжуд эмас. Тадқиқотчи В. Томашек бу номни эронча “Сус” –“ёнмоқ, ялтирамоқ, нур таратмоқ” сўзидан олинган деса, О. Смирнова эса бу “Гава суғуда” атамаси “ҳосилдор воҳалар ўлкаси” деган маънони беради деб ҳисоблайдилар. Авестода тилга олинган “Суғд макони Гава” Сўғдиёнанинг энг қадимги вилояти бўлган бўлиши мумкин. А.Сагдуллаевга кўра, Гава -“буқа”, “пода”, Қашқадарё воҳаси билан боғланади. Бу сўз вилоятнинг жуда кўп географик номларида такрорланиб сақланган. Ҳозирги Қашқадарё ва Зарафшон воҳаларини ўз ичига олувчи Қадимги Сўғдиёна ва Суғдийлар ҳақида илк ёзма манбаларда маълумотлар мавжуд. Геродот эса суғдийларни икки маротаба – Аҳамонийлар давлатининг XVI сатрап ўлкасидаги халқларни санаб ўтганда ва форсларнинг қўшинлари сафида жангчи – суғдийларнинг ўрнини кўрсатиб берганда тилган олган.
Ерқўрғон — Қарши воҳасининг қадим шаҳар ёдгорлиги
Қадимги Нахшаб, Насаф номлари билан машҳур шаҳарнинг қадимги харобалари ҳозирги Ерқўрғонда жойлашган бўлиб, Қаршидан тахминан 10 км узоқликда жойлашган Ерқўрғон - IX–VIII асрларгача ички ва ташқи деворлар билан ўралган йирик шаҳар ёдгорлиги сифатида илмий адабиётларда қайд этилади.
Ерқўрғоннинг ҳудуди ички ва ташқи деворлари чегарасида эски шаҳар харобаларидан иборат бўлган турли хил катталикдаги баландликлар билан ўралган. Энг катта баландлик ҳукмдор қасри эканлиги маълум бўлди. Шунингдек, қалъа ичидаги қўрғон, шаҳар ибодатхонаси, мақбара, зардуштийлик ибодатхонаси, ҳунармандлар маҳаллалари қазиб олинган. Ерқўрғон атрофида, бутунлай йўқолиб кетган, ўзаро зич жойлашган шаҳар олди иморатлар бўлган ва илк минг йилликнинг биринчи ярмида кенг жиҳозланган шаҳар олди ҳудуди ғарбга томон Қашқадарё дарёси соҳилларигача чўзилган. Ерқўрғондаги шаҳар VI асрда эфталитлар давлатини ишғол қилиш давомида Турк хоқонлиги ва Эрон сосонийларининг бирлашган кучлари томонидан ёқиб юборилган ва вайрон қилинган. Сўнгги тадқиқотлар ҳудудни Қарши воҳасининг энг қадим ва энг йирик марказларидан бири сифатида баҳолайди. У ерда кулолчилик кварталлари ва асрлик устахоналар тизими аниқланган.
Ерқўрғон шаҳри қазилмаларидан олинган кўплаб буюмлар тўплами Қарши воҳаси ҳамда пойтахт шаҳри тарихи ва маданияти бир неча босқичда ривожланганлигини исботлашга етарли асос бўла олади.
Исломий давр бошланиши
VIII–X асрларга келиб, Мовароуннаҳрда ислом дини ва мусулмон маъмурияти қарор топиши билан Насаф илм-фан ва ҳунармандчилик ривожланган шаҳарлар сирасига киради. ИХ–X асрлар географик-тарихий асарларида Насаф товар айирбошлаш, ирригация ва зиёрат марказлари билан бир қаторда тилга олинади. Бу воҳа исломий маданиятнинг барқарорлашувига эрта қўшилганини кўрсатади.
VIII аср охири ва IX асрнинг бошларида Насаф ва Кешда йирик ҳадисшунослик ва фиқҳшунослик мактаблари вужудга келган. Бу мактабларда ислом оламининг турли мамлакатларидан келган талабалар билим олган. X асрда Аҳмад ибн Муҳаммад ат-Тадёний, Ҳаммад ибн Шокир ан-Насафий, Абдулмўмин ибн Халаф ан-Насафий, ал-Лайс ибн Наср ал-Кожарий, XI асрда Абдулазиз ибн Муҳаммад ан-Нахшабий, Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Баладий, ал-Ҳасан ибн Али ал-Ҳаммадий ан-Нахшабий каби олимлар бутун ислом оламида шуҳрат топган эдилар. Насаф шаҳри тарихи ва бу ердан етишиб чиққан алломалар меросини ўрганишда Абдулкарим ас-Самъонийнинг “Ал-Ансоб” асари алоҳида ўрин тутади. Асарда мусулмон дунёсида, хусусан Мовароуннаҳрда VIII-XII асрларда яшаб ўтган олимлар, адиблар ва шоирлар ҳақида бой маълумот бор. Унда насафлик олимларга ҳам кенг ўрин берилган. “Насаф – Мовароуннаҳр шаҳарларидан. Аввалги номи – Нахшаб. Бу шаҳарда қарийб икки ой турдим ва у ернинг кўп олимларидан таълим олдим. Бу шаҳардан ўз фанининг кўп мутахассислари етишиб чиққанлар. Уларнинг саноғига етиш қийин”, – деб ёзади ас-Самъоний.
Олимнинг қайд этишича, Х-XII асрларда Насаф мусулмон оламидаги йирик шаҳарлардан бўлган. Ўша замонда Мадина яъни йирик шаҳар номи билан аталадиган 8 шаҳар мавжуд эди. Булар – Мадинаи мунаввара, Бағдод, Исфаҳон, Нишопур, Марв, Бухоро, Самарқанд ва Насаф. “Ал-Ансоб” китобида Насаф атрофидаги 50 дан ортиқ қишлоқ ва бу ерлардан етишиб чиққан 180 га яқин алломанинг номи қайд этилгани ҳам ўша пайтдаги тараққиётдан дарак беради. Қашқадарё воҳасида яшаган алломалар ҳақидаги яна бир нодир асар - Нажмиддин Насафийнинг кейинги йилларда босилиб чиққан “Самарқандия” китобидир. Унда ҳам ўнлаб Насафий, Косоний, Касбавий, Баздавий ва Кешийларнинг номлари қайд этилган.
Мўғуллар ва Чиғатой даври: “Қарши” номининг келиб чиқиши
Ўрта Осиёга юриш бошлаган Чингизхон кетма-кет Ўтрор, Бухоро, Самарқандни эгаллагач, навбат Нахшабга келади ва мўғуллар қўшини 1220 йилнинг ёзида Нахшаб (Қарши)га бостириб киради ва уни эгаллайди. Чингизхоннинг иккинчи ўғли Чиғатой отаси вафотидан кейин Мовароуннаҳр ва Шарқий Туркистон ерлари эгалик қилган. ХИИИ–XIV асрларда Чиғатой улуси ҳукмдорлари Насаф атрофида сарой-қалъалар барпо этган. “Қарши” атамаси мўғул-туркий контекстдаги “қўрғон, сарой” маъноси билан изоҳланади. Айнан шу туркумдаги сарой-қалъадан кейин топоним шаҳар номига айлангани ҳақидаги маълумотлар шарқшунослик адабиётларида учрайди. Яъни, ҳозирги Қарши номининг шаклланиши Чиғатой даври сарой-иншоотлари билан боғлиқ.
Мовароуннаҳрдаги бу ўзгаришларни XIV асрнинг 30 йилларида бу ерга келган араб сайёҳи Ибн Батута ҳам ёзиб қолдирган. Сайёҳ қолдирган бой маълумотларга кўра ҳам Чиғатой улусидан бўлган Кебекхон Насаф шаҳри ёнида ўзига бир сарой қурдириб мўғул тилида “Қарши” деб атаган.
Амир Темур замони: Кеш (Шаҳрисабз)
“Шаҳрисабз” номи форс тилидан олинган ва “яшил шаҳар” деган маънони англатади. Манбаларда айтилишича, шаҳарнинг қадимий номи “Кеш” ҳисобланган ва у эрамиздан олдинги даврларда ҳам мавжуд бўлган. Шаҳар қадимги ипак йўли чорраҳасида жойлашган бўлиб, савдо ва маданий алмашинув нуқтаси ҳисобланган. Ипак йўли орқали ўтган сайёҳлар ва савдогарлар Кешда тўхтаб, ўз маданиятлари ва маҳсулотларини олиб келишган, натижада бу ҳудуд бой ва ранг-баранг маданиятга эга бўлган.
Шаҳрисабзнинг тарихидаги энг муҳим даврлардан бири буюк саркарда Амир Темур даврига тўғри келади. XIV асрнинг охирларига келиб, Амир Темур ўз салтанатини кенгайтириб, Марказий Осиёни ягона ҳокимият остига бирлаштирган. Унинг ҳокимият маркази Самарқанд бўлган бўлса-да, тарихчиларнинг ёзишича Шаҳрисабз унинг “юрак амри” бўлган. Темур Шаҳрисабзни қайта қурдириб, уни ўзининг шонли ватани сифатида ривожлантиришга интилган. Айнан Амир Темур ва унинг авлодлари томонидан бунёд этилган кўплаб тарихий обидалар бугунги кунда ҳам мавжуд.
Улардан:
Оқсарой — меъморий ёдгорлиги. Шаҳрисабзнинг шимолий- шарқидаги бош майдонда жойлашган. Бир замонлар муҳташам, ҳашаматли бўлган бу саройнинг бизгача емирилиб, хароба ҳолга келган улкан пештоқи, икки чеккасидаги минораси, сарой пойдеворининг бир қисмигина сақланган. Оқсаройнинг ҳозирги кўриниши ҳам салобатли ва гўзалдир. Пештоқ равоғининг эни 22,5 метр, баландлиги 40 метр, умумий баландлиги 50 метрдан ошади. 20 йил давомида қурилган бу бино тўғрисида Абдураззоқ Самарқандий қуйидагича маълумот беради: “Темур ишга яроқли бўлганларнинг ҳаммасини Хоразмдан Мовароуннаҳрга кўчириш учун буйруқ берди… Хоразмлик усталар баланд ва салобатли сарой қуришди, ҳозир у Оқсарой номи билан машҳур”. Ёзма манбаларга кўра, Оқсарой турар жой ва жамоат биноси сифатида қурилиб, хоналар ҳовли атрофида жойлашган. Бобур маълумотларига кўра, ҳовли ўртасида ҳовуз, тўрида гумбазли катта хона — девонхона, ёнларида маслаҳатчилар учун кичик хона, ҳашаматли равоқли бостирмалар, ички томонида Ҳарам ва амирнинг хонаси жойлашган. Девонхона пештоқида Арслон ва қуёш тасвири ва Темур давлатининг 3 ҳалқа шаклидаги нишони бўлган. Оқсарой деворларидаги ранглар жилоси, тарихий, фалсафий ва диний мавзудаги, куфий, сулс ёзувлари, кошинкори безаклар, ислимий, гириҳ нақшларнинг ўзаро уйғунлиги бинога ажойиб ва сеҳрли мазмун бағишлаган. Рангларнинг ой ёруғида жилоланиб- оқариб кўринишидан бино Оқсарой деб номланган.
Дорус-Саодат – Шаҳрисабзнинг жануби-ғарбида жойлашган бўлиб, у “ҳокимият манбаи” деган маънони англатади. Бу Амир Темур томонидан 1392 йилда қуриб битказилган 3500 квадрат метрлик мақбаралар мажмуасидир. Дорус-Саодат мақбара мажмуаси қурилиш ишларида Хоразм усталари томонидан яратилган Ўзбекистон меъморчилигининг энг яхши намуналари ўз аксини топган. Дорус-Саодат ташқи гумбазининг баландлиги 27 метр бўлиб, олд аркда портал бўлган. Бинонинг олд томони турли рангдаги маёлика билан безатилган, бинонинг катта қисми эса кўк рангга бўялган. Мажмуа Амир Темурнинг тўнғич ўғли Жаҳонгирнинг 1375 йилда 22 ёшида отдан йиқилиб вафот этганидан кейин қурилган. Оғир жудоликдан кейин Амир Темур Хоразм империясининг турли қисмларида яшовчи энг яхши меъморларни чақириб, ўғли хотирасига энг чиройли мақбара қуришга қарор қилади.
Дор-ут тиловат – мемориал мажмуа 1370-1371 йилларда Шамсиддин Кулолнинг ўлимидан сўнг барпо қилинган. Унинг қабри арбоб кўмилиши биланоқ, кўплаб издошлари учун зиёратхонага айланган. Амир Темурнинг ҳукмронлиги даврида Кулолнинг мақбараси мармардан ишланган тоштахта билан қопланган. Кейинроқ, Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврида Шамсиддин Кулол қабри тепасига соддагина гумбазли мақбара қурилган. Кўк Гумбаз масжиди мақбара қаршисига 1435 йил қурилган. Кириш қисмидаги ёзув Улуғбек томонидан унинг отаси Шоҳрух буйруғи билан қурилган. Бу масжид ҳам Шаҳрисабздаги жоме масжиди ҳисобланади.
1437–1438 йиллар, масжид қурилишидан икки йил ўтгач, Улуғбекнинг буйруғи билан Темурийлар авлоди ва аъзолари учун Шамсиддин Кулол мақбарасининг жанубий девори ортига мақбара қурилган. ХВ-XVII асрларга тегишли мармар қабр тошлари орасида термизийлар Саидларига тегишли исмларини ҳам учратиш мумкин.
Шундай қилиб, Дор-ут-Тиловат мадрасасининг ички ҳовлиси атрофида ХИВ-XV асрлар орасида бир йирик мемориал мажмуа ҳосил бўлган бўлиб, Шамсиддин Кулол мақбараси, гўрхонали Амир Тарағай мадрасаси, масжиди ва Улуғбек мақбарасидан ташкил топган. Дор-ут Саодат ва Дор-ут Тиловат — икки йирик мемориал мажмуаси орасида қадимий қабр жойлашиб, у ерга маҳаллий зодагон аъзолари ва амалдорлари кўмилган.
Юқорида санаб ўтганларимиз барчаси бугунги кунда UNESCO Бутунжаҳон мероси рўйхатида туради.
Россия империяси ва XX аср бошларидаги ўзгаришлар
Қашқадарё ҳудуди XIX аср охири ва XX аср бошларида Бухоро амирлиги таркибида бўлган. Амирлик 1868 йилда Россия империяси билан шартнома имзолаб, Россиянинг протекторати яъни ярим мустамлакага айланган. Шу боис Қашқадарё бевосита Туркистон генерал-губернаторлигига қўшилмаган бўлса-да, Россиянинг иқтисодий ва сиёсий таъсири бу ерда кучли бўлган. Амирликнинг ташқи сиёсати, савдо йўллари, божхона ва темирйўл масалалари Россия томонидан назорат қилинган.
Россия империяси Қашқадарёда пахта етиштиришни кенгайтиришга катта эътибор беради. Маҳаллий деҳқонлар дон экинлари ҳисобидан пахтага ўтишга мажбур бўладилар. Бу эса ҳудудда озиқ-овқат тақчиллигини кучайтирди. Қарши воҳасида савдо йўлларига хизмат қилувчи бозорлар фаолияти жонланди, аммо савдо асосан Россия фойдасига ишлаган.
Амирлик орқали Россияга пахта экспорти ошди, аксинча, саноат маҳсулотлари ташқаридан келтирилган. Бу маҳаллий ҳунармандчиликни инқирозга олиб келган. Россия сиёсати таъсири билан амирликда ҳам ерларнинг катта қисми амалдорлар ва бойлар қўлида тўпланиб, оддий деҳқонлар анча қашшоқлашади.
Шунингдек, XX аср бошида жадидчилик ҳаракати сабаб Қарши ва Шаҳрисабзда жадид мактаблари пайдо бўла бошлади. Улар замонавий фанларни ўқитишга, миллий уйғонишга хизмат қилган.
Маъмурий бирликнинг вужудга келиши
Бугунги Қашқадарё вилояти маъмурий жиҳатдан 1926 йилда дастлаб Қашқадарё округи сифатида ташкил этилган, лекин кейинчалик тугатилган. 1964 йилга қадар бу ҳудуд асосан Сурхондарё вилояти ва бошқа вилоятлар таркибида бўлиб турган. 1964 йил 20 январда Ўзбекистон ССР таркибида Қашқадарё вилояти ташкил этилди. Марказ сифатида Қарши шаҳри белгиланди. Вилоят таркибига Қарши, Шаҳрисабз, Китоб, Косон, Ғузор, Муборак, Касби, Нишон, Чироқчи ва бошқа туманлар киритилди. Шундан бери вилоят Ўзбекистоннинг муҳим маъмурий-ҳудудий бирлиги сифатида мавжуд.
Қарши-Хонобод ҳарбий аэродроми
Бу Қашқадарё вилояти, Қарши тумани, Хонобод қишлоғида, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига қарашли авиабаза бўлиб, ҳозирда база Ўзбекистон ҳаво кучларига тегишлидир.
1954–1981 йиллар мобайнида бу ерда Совет Иттифоқининг 735-қирувчи авиация полки жойлашган. 1992 йил июнь ойида база Совет Иттифоқидан Ўзбекистонга ўтган. Кейинчалик у 60-алоҳида аралаш авиация бригадаси базасига айланган. Аэродром Қарши шаҳрига 13 км масофада жойлашган.
2001–2005 йилларда АҚШ қўшинлари Афғонистон операцияларини қўллаб-қувватлаш доирасида Қарши-Хонобод аэродромидан фойдаланган. Кейинчалик мазкур база атрофидаги экологик хавфлар ва саломатликка таъсири юзасидан АҚШда кенг жамоатчилик муҳокамалари ва расмий текширувлар ҳам бўлиб ўтган.
Мустақиллик даври
Қашқадарё бугун Ўзбекистон энергетика, газ-кимё мажмуасининг ядро ҳудудидир. Муборак газни қайта ишлаш заводи минтақанинг газ кластерида марказий бўғинлардан бири бўлиб, газни қуритиш-тозалаш ва тайёрлашнинг йирик қувватларига эга. Шўртан газ-кимё мажмуаси эса полиэтилен ва бошқа полимер маҳсулотлари ишлаб чиқариши билан мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширмоқда. Қарши яқинидаги газдан суюқ ёқилғи ишлаб чиқарувчи йирик GTL заводи вилоят саноатининг асосий таянчларидан бири саналади. Талимаржон иссиқлик электр станциясида 2010 йилларда қурилган янги буғ-газ блоклари минтақанинг электр таъминотида муҳим аҳамият касб этади.
Қашқадарё — Сўғдиёна мероси, Темурийлар меъморлиги ва совет-замонавий мелиорация-энергетика лойиҳалари бирлашиб кетган ноёб тарихий ҳудуд. Кеш–Шаҳрисабз Темурийлар даврининг улуғвор ёдгорликлари билан дунёга танилган бўлса, Насаф–Қарши воҳасининг Ерқўрғон сингари қадимги шаҳарлари бу ерларда қадимдан ривожланган деҳқончилик-ҳунармандчилик анъаналарининг илдизларини кўрсатиб беради.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!