Иссиқ ҳавода қандай рангдаги кийим кийиш керак?
Ёзнинг жазирама кунларида тўғри кийим танлаш нафақат қулайлик, балки саломатлик учун ҳам муҳим. Мутахассислар фикрича, мос кийим танлаш танани самаралироқ совутишга ёрдам беради ва ҳатто кондитсионердан фойдаланиш эҳтиёжини ҳам камайтириши мумкин.
Кийим ранги эмас, бичими муҳимроқ
Кўпчилик оқ кийим қуёш нурларини қайтаргани учун энг яхши танлов деб ҳисоблайди. Бироқ тадқиқотлар шуни кўрсатадики, кийимнинг кенглиги унинг рангидан ҳам муҳимроқ.
1980-йилда саҳрода яшовчи бедуинлар иштирокида ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, кенг қора ва кенг оқ кийимлар иссиқлик таъсири жиҳатидан деярли бир хил бўлган. Сабаби, кенг кийим мато билан тери орасида ҳаво айланишини таъминлаб, танани табиий равишда совутади.
Шу боис мутахассислар:
кенг бичимли кийимларни танлашни тавсия қилади;
агар кийим танага ёпишиб турадиган бўлса, оқ ёки оч ранглар афзал ҳисобланади.
Қайси мато яхшироқ?
Иссиқ ҳавода энг мақбул танлов — енгил ва ҳаво ўтказувчан матолар.
Пахта ва зиғир яхши нафас олади, аммо намликни узоқ ушлаб туради ва секин қурийди.
Нейлон ва полиэстер терни тез чиқаради ҳамда тез қурийди, бироқ нохуш ҳидни кўпроқ сақлаши мумкин.
Бамбук толали матолар ҳам иссиқ ҳавода қулай вариантлардан бири сифатида эътироф этилган.
Янги технологиялар
Олимлар иссиқликни самаралироқ чиқарадиган замонавий матолар устида ишламоқда. Жумладан:
қуёш нурини қайтарувчи ва инфрақизил нурланишни ўтказувчи толалар;
ҳароратга қараб тузилиши ўзгарадиган “ақлли” матолар;
тана ҳароратини 2°C гача пасайтириши мумкин бўлган совутувчи элементли кийимлар синовдан ўтказилмоқда.
Ҳўл кийим ҳам ёрдам беради
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бироз намланган кийим сув буғланиши ҳисобига танадаги иссиқликни ўзига тортади ва организмни самаралироқ совутади.
Хулоса: жазирама кунларда оч рангли, кенг бичимли ва ҳаво ўтказувчан матодан тикилган кийимлар энг яхши танлов ҳисобланади. Зарурат туғилганда кийимни бироз намлаш ҳам тана ҳароратини пасайтиришга ёрдам беради.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!