Словения президенти автоҳалокатга учради
Словения президенти Наташа Пирс-Мусар Хорватиядаги таътилидан қайтаётган вақтда йўл-транспорт ҳодисасига учради. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълумотига таяниб, Словения радио ва телевидениеси хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 31-июль куни Кастелетс туннелида содир бўлган. Президент енгил тан жароҳати олган ва тунни Изола шаҳридаги шифохонада ўтказган. Ҳозирда у уйида бўлиб, ўзини яхши ҳис қилаётгани билдирилган.
Копер шаҳар политсияси маълумотига кўра, автоҳалокат президентни кузатиб бораётган кортеж таркибидаги икки хизмат автомобили тўқнашуви оқибатида юз берган.
Ҳодиса натижасида икки киши жабрланган. Улардан бири енгил, иккинчиси эса оғир тан жароҳати олган. Ҳар икки жабрланувчи тез тиббий ёрдам машинасида Изола умумий шифохонасига етказилган.
Қутқарув ишлари ва ҳодиса жойини кўздан кечириш сабабли Кастелетс туннели вақтинча барча транспорт воситалари учун ёпилган. Туннел кечки соат 20:00 дан сўнг яна ҳаракат учун очилган.
Мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Маълумот учун, Наташа Пирс-Мусар Словения тарихидаги биринчи аёл президент ҳисобланади. У 2022-йил ноябрь ойида бўлиб ўтган сайловларда мустақил номзод сифатида ғалаба қозонган ва 2022-йил 23-декабрдан буён мамлакатга раҳбарлик қилиб келмоқда. Сиёсий фаолиятидан аввал у узоқ йиллар журналист ва телебошловчи сифатида ишлаган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!