Носир ал-Хелаифи ФИФА президентлигига номзод сифатида муҳокама қилинмоқда
Европа футбол доираларида Франциянинг ПСЖ клуби президенти Носир ал-Хелаифини ФИФА президентлиги учун эҳтимолий номзод сифатида илгари суриш масаласи муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда Politico нашри манбаларига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу муҳокамалар 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати вақтида бошланган. Бунга ФИФА президенти Жанни Инфантино сиёсатидан айрим европалик футбол амалдорларининг норозилиги ҳамда Жаҳон чемпионати тижорат ҳуқуқларининг бир қисмини хусусий инвесторларга сотиш режалари ҳақидаги хабарлар сабаб бўлгани айтилмоқда.
Нашрга кўра, айрим манбалар Носир ал-Хелаифи номзоди учун “барча омиллар мос келаётганини” билдирган.
Бироқ ПСЖ президенти вакиллари бу маълумотларни рад этиб, ал-Хелаифининг ФИФА раҳбарлиги бўйича ҳеч қандай қизиқиши, режаси ёки нияти йўқлигини маълум қилган.
Politico маълумотига кўра, агар у номзодини қўйса, 2027 йилда бўлиб ўтадиган ФИФА президентлиги сайловида Жанни Инфантинонинг асосий рақобатчиларидан бирига айланиши мумкин.
Ҳозирча Носир ал-Хелаифининг номзоди расман илгари сурилгани йўқ. Шу билан бирга, Европа футбол доираларида ФИФА бошқаруви, Жаҳон чемпионатининг тижоратлашуви ва ташкилотнинг келгуси ривожланиш йўналишлари юзасидан баҳслар давом этмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!