1 августдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?
1 августдан бошлаб Ўзбекистонда бир қатор янги тартиб ва имтиёзлар кучга киради.
“Траде-ин” дастури бўйича автокредит субсидияси – Эски автомобилини топшириб, янги транспорт воситаси харид қилаётган жисмоний ва юридик шахсларга автокредит фоизининг бир қисми қоплаб берилади.
1-синфга қабул тўлиқ электрон шаклга ўтади – 2026/2027-ўқув йили учун 1 августдан 31 августгача микроҳудуддан ташқаридаги мактабларга аризалар фақат my.gov.uz ва my.maktab.uz орқали қабул қилинади.
Камёб ёввойи ҳайвонларни овлаш тақиқланади – 2026 йил 1 августдан 2028 йил 1 январгача йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонларни овлаш тақиқланади. Чеклов илмий, тиббий мақсадлар ҳамда махсус хўжаликларда боқилаётган ҳайвонларга татбиқ этилмайди.
Шаҳар дарё ва сойларига балиқ қўйиш бошланади – 2026 йил 1 августдан 2030 йил 1 январгача марказий шаҳарлардан оқиб ўтувчи сув ҳавзаларига ҳар йили камида 15 тонна балиқ чавоқлари ташланади.
Автомобилларни жарима майдончасидан ҚР-код орқали чиқариш – Эндиликда транспорт воситасини жарима майдончасидан олиб чиқиш учун рухсатнома электрон шаклда ҚР-код билан тасдиқланади.
Меҳнат низоларини ихтисослашган судьялар кўради – Фуқаролик ишлари бўйича судларда меҳнат низоларини кўриб чиқишга ихтисослашган судьялар фаолияти йўлга қўйилади. 1 августдан кейин келиб тушадиган меҳнат низолари айнан шу судьялар ўртасида тақсимланади.
Гўшт импорти учун субсидия узайтирилади – Мол ва қўй гўштини ҳаво транспортида олиб келиш харажатларининг 50 фоизини қоплаш бўйича субсидия дастури аввал 1 августгача амал қилиши белгиланган эди. Президент топшириғига кўра, ушбу имтиёз 2026 йил охиригача узайтирилади.
Мазкур ўзгаришлар транспорт, таълим, экология, суд-ҳуқуқ тизими ва озиқ-овқат таъминоти соҳаларини қамраб олади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!