Косон тумани Маҳаллалар уюшмаси бўлими бошлиғига хизмат текшируви тайинланди
Қашқадарё вилоятининг Косон тумани Маҳаллалар уюшмаси бўлими бошлиғи Убайдулла Очиловга фуқарога нисбатан қўпол муомаласи ортидан хизмат текшируви тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси матбуот хизмати маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода мансабдор шахс фуқарога нисбатан қўпол муомала қилиб, таҳдидли сўзлар айтаётгани акс этган.
Маълум қилинишича, ҳодиса 28 июль куни Убайдулла Очилов фуқародан кўчага тўкилган қумни олиб ташлашни талаб қилган пайтда юз берган. Томонлар ўртасида тортишув келиб чиққач, бўлим бошлиғи қўпол муомалага ўтган.
Маҳаллалар уюшмаси матбуот хизмати видеодаги хатти-ҳаракат ва муомала услуби давлат хизматчиси одоб-ахлоқ меъёрларига мутлақо зид эканини таъкидлаб, бундай ҳолатларни қатъиян қоралади.
Ҳолат юзасидан ишчи гуруҳ тузилиб, хизмат текшируви бошланди. Ўрганиш якунларига кўра, мансабдорнинг хатти-ҳаракатларига қонунчилик доирасида ҳуқуқий баҳо берилиши ва тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қува тумани ҳокими Ҳалимжон Умаров ҳамда Музработ тумани ҳокими Абдулла Маматқулов фермерларга нисбатан қўпол муомаласи сабаб хизмат текширувидан ўтган ва уларга интизомий жазо қўлланганди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!