Андижонда ўзини “президент оиласига яқин” деб таништириб, фуқароларни алдаган гуруҳга ҳукм ўқилди
Андижон вилоятида ўзини “президент оиласига яқин шахс” сифатида таништириб, фуқароларнинг турли масалаларини пул эвазига ҳал қилиб беришни ваъда қилган уюшган жиноий гуруҳ аъзоларига суд ҳукми чиқарилди.
Суд ҳужжатларига кўра, гуруҳга Сирдарё вилоятида туғилган, аввал ҳам фирибгарлик ва бошқа жиноятлар учун бир неча бор судланган Ж.Н. раҳбарлик қилган. Гуруҳ таркибида Андижон ва Жиззах вилоятларидан бўлган бир неча шахс ҳам бўлган.
Улар юқори лавозимга тайинланишни истаган, давлат буюртмалари ёки йирик шартномаларни қўлга киритмоқчи бўлган, шунингдек, ер ва суд билан боғлиқ муаммоларини ҳал этишга уринаётган фуқароларни топиб, Ж.Н. билан учраштирган. У эса ўзини “президент оиласига яқин шахс” сифатида таништириб, масалаларни юқори лавозимли танишлари орқали ҳал қилиб беришини айтган ва бунинг эвазига катта миқдорда пул олган.
Жиноят ишида қайд этилишича:
бир фуқародан раҳбарлик лавозимига тайинлаш ваъдаси билан 25 минг доллар;
тадбиркордан йирик давлат шартномасини олиб бериш баҳонасида 119,5 минг доллар, шунингдек автомобиль учун яна 45 минг доллар;
Россия фуқаросидан “Янги Тошкент” лойиҳасида қурилиш рухсатномаси ва ер ажратиш ваъдаси билан 40 минг доллар;
яна бир фуқародан суд ишини унинг фойдасига ҳал қилиб бериш учун 58,4 минг доллар олинган.
Бироқ ваъда қилинган хизматларнинг ҳеч бири бажарилмаган, олинган маблағлар эса шахсий эҳтиёжларга сарфлангани аниқланган.
Суд айбланувчиларни айбли деб топиб, уларга тегишли жазоларни тайинлади. Апелляция суди ҳам биринчи инстанция ҳукмининг жазога оид қисмини ўзгаришсиз қолдирди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!