Аввалроқ Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов яқин қариндошлари таъсисчилигидаги “Master Media Production and Broadcast” МЧЖ (“Севимли” телеканали)нинг манфаатларини кўзлаб, давлат бюджетидан 1,8 млрд. сўм 1,8 млрд. сўм миқдордаги пул маблағларининг ажратилишига эришиб, қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйганлиги ҳақида маълум қилинган эди. Ушбу айбловлар билан бошланган суд иши Агентлик директорининг 8 миллион сўмлик жаримага тортилиши билан якунланди.
Ижтимоий тармоқларда эса суднинг ушбу қарорига нисбатан жамоатчилик томонидан турли муносабатлар билдирилмоқда.
Ҳуқуқшунос-блогер Шаҳноза Соатованинг суд материалларига таяниб ёзишича, Агентлик нафақат “Севимли” телеканали билан балки “ЗўрТВ” ва “Менинг юртим” телеканаллари билан тенг қийматда сериаллар олиш бўйича ҳамкорлик қилган. Эътиборли жиҳати, ушбу лойиҳалар шерикчилик асосида амалга оширилган. Яъни 50 фоизни пулни агентлик тиккан бўлса, қолган ярмини телеканаллар қўшган. Абдуҳолиқов бунга инвестицион лойиҳа сифатида қарагани ва сериаллар суратга олиш бўйича бюджетни икки карра иқтисод қилишни мақсад қилганини маълум қилган. Лекин янги қонунчиликка кўра эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳақида Молия вазирлигини огоҳлантирмаган.
Ҳозирги кунда “Севимли” телеканали “Тузоқ” сериали учун агентлик қўшган ҳиссани бюджетга қайтарилган. Адвокат бу вазиятда бюджет пуллари мақсадсиз сарфланмагани, пуллар қайтарилгани, бошқа каналларга ҳам тенг имконият берилгани ва инвестицион лойиҳа эканлигини суддан инобатга олишларини сўраган.
“Албатта, манфаатлар тўқнашуви ростдан борга ўхшайди, бироқ Президент қарорида “телеканал аудиторияси ва рейтингини ҳисобга олган ҳолда”деган шартни инобатга олсак, “Севимли”нинг бу рўйхатга кириши табиийдек. Фақат манфаатлар тўқнашуви тўғрисида огоҳлантирилмаган ва шу учун ҳам Ф.Абдухолиқов жавобгарликка тортилди.
Ушбу кейс Ўзбекистонда манфаатлар тўқнашуви билан гумонланиб, жаримага тортилган илк мансабдор сифатида прецедент бўлди”, – дейди Шаҳноза Соатова.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!