Непал тоғларида бортида хорижлик саййёҳлари бўлган самолёт йўқолиб қолди. Tara Air компаниясига тегишли бўлган кичик ҳажмли самолёт 22 нафар йўловчиси билан Катмандудан 200 километр масофадаги Похара шаҳридан Жомсо шаҳри томон йўлга чиққан эди. Йўловчи самолёт ҳавога кўтарилганидан бир неча дақиқа ўтиб, радарлардан йўқолиб қолган.
Қидирув ишлари ноқулай об-ҳаво шароитлари сабабли маълум вақт тўхтатиб қўйилган.
“Tara Air компаниясининг Twin Otter номли самолёти Похара аэропортидан Жомсога маҳаллий вақт билан соат 9:55 да учган эди. Самолёт бортида 19 нафар йўловчи ва 3 нафар экипаж аъзоси бўлган. Экипаж билан алоқа тахминан 15 дақиқалардан сўнг йўқолиб қолди”, – дейди Tara Air авиакомпанияси раҳбари Сударшан Бартаула.
Сударшан Бартаулунинг сўзларига кўра, самолёт тоғга қулаган ва 100 метр радиусда парчаланиб кетган.
Қутқарувчилар Непалда Tara Air авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокатидан 14 нафар жасад топди.
Аниқланишича, йўловчилар орасида 6 нафар хорижлик, жумладан, 4 нафар ҳиндистонлик ва 2 нафар германиялик фуқаролар бўлган.
Воқеа жойига Непал ҳарбийларидан иборат қутқарувчи гуруҳлар етиб борган.
Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, ҳалокат Манапати-Ҳимал тоғида рўй берган. Уларнинг фикрича, фожиага ёмғир сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Непалнинг ушбу тоғли ҳудудида сўнгги ҳафтада синоптиклар ёмғир ёғишини қайд этган, бироқ мутасаддилар бу ҳудуддан ўтувчи ҳаво кемаларининг парвозларини тақиқламаган. Похара – Жомсо йўналиши бўйича самолётлар Ҳимолой тоғлари чўққилари орасидан учиб, сўнгра водийга қўнади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!