Ўзбекистонда хавфсизлик талабларига жавоб бермагани сабабли 464 та ёнилғи қуйиш шохобчаси фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда 22 июндан кучга кирган Вазирлар Маҳкамасининг қарорида маълум қилинди. Қарорга кўра, республика бўйлаб фаолият юритаётган суюлтирилган ва сиқилган газ, нефть маҳсулотларини қуйиш шохобчалари, шунингдек, аҳоли газ баллонларини тўлдириш станциялари ва пунктларида авария ҳамда нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш, хавфсизлик талабларига риоя этилиши ҳолатини ўрганиш мақсадида кенг кўламли хатлов ўтказилди.
Хатлов давомида мамлакатдаги жами 6 196 та ёнилғи қуйиш ва газ тўлдириш иншооти текширувдан ўтказилиб, 46 минг 737 та қоидабузарлик ва камчилик аниқланган. Аниқланган камчиликларнинг: 2 218 таси қурилиш соҳасига; 7 949 таси ёнғин хавфсизлигига; 25 341 таси саноат ва техника хавфсизлигига; 3 354 таси техник жиҳатдан тартибга солиш талабларига; 7 875 таси эса белгиланган технологик жараёнларга риоя этилмаганига тўғри келган. Текширувлар давомида 7 минг 166 та камчилик жойида бартараф этилган. Хавфсизлик талабларига жиддий риоя қилмаган 464 та ёнилғи қуйиш шохобчаси фаолияти эса вақтинча тўхтатилган.
Шунингдек, қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб барча турдаги ёнилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларида, жумладан, ёнилғидан ўз эҳтиёжи учун фойдаланадиган объектларда хизмат муддати тугаган ёки ишлаб чиқарилган санаси аниқланмаган, ортиқча босим остида ишловчи ускуналардан фойдаланиш 2030 йил 1 январга қадар чекланади. Бундан ташқари, 2026 йил сентябрь ойига қадар инсон ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирадиган, жамоат хавфсизлиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, саноат ва ёнғин хавфсизлиги ҳамда шаҳарсозлик нормалари талабларига жавоб бермайдиган ёнилғи қуйиш ва газ тўлдириш иншоотлари реестри шакллантирилади. Келгусида бундай объектларни босқичма-босқич хавфсиз ҳудудларга кўчириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!