Буюк Британия бош вазири Кир Стармер мамлакат ҳукумати раҳбари ҳамда Лейбористлар партияси етакчиси лавозимидан истеъфога чиқишини маълум қилди. Бу ҳақда BBC News хабар берди. «Қабул қилган ҳар бир қарорим ўзим севган мамлакатни ҳамма нарсадан устун қўйиш истаги билан қабул қилинган.
Айнан шу сабабли истеъфога чиқяпман», — деди Стармер. Унинг сўзларига кўра, Лейбористлар партияси етакчилигига номзодларни кўрсатиш жараёни 9 июль куни бошланади ва парламентнинг ёзги таътилига қадар якунланади. Янги етакчи сентябрь ойида парламент ишини қайта бошлагунига қадар ўз вазифасига киришиши кутилмоқда. Стармер янги партия етакчиси сайлангунига қадар бош вазир лавозимида қолиши ва ҳокимиятнинг тинч ҳамда тартибли топширилишини таъминлашини билдирди. «Сайловлар якунлангунига қадар бош вазир сифатида фаолиятимни давом эттираман. Шунингдек, ўзимдан кейинги ворисга тўлиқ ва сўзсиз ёрдам кўрсатаман.
Энди унга икки йил аввал қабул қилиб олганимдан кўра кучлироқ ва адолатлироқ мамлакат қолади», — деди у. Стармер сиёсий фаолиятидан сўнг асосий эътиборини оиласига қаратишини таъкидлади. Британия ОАВлари, жумладан BBC ва The Guardian нашрлари хабарига кўра, бош вазир лавозимига асосий номзод сифатида Катта Манчестер мери Энди Бёрнем кўрилмоқда. У яқинда парламентга ўтказилган навбатдан ташқари сайловларда ғалаба қозониб, Лейбористлар партиясидан депутат этиб сайланган.
Эслатиб ўтамиз, Кир Стармер бошчилигидаги Лейбористлар партияси 2024 йил июль ойида бўлиб ўтган муддатидан олдинги парламент сайловларида ғалаба қозониб, 14 йил давомида ҳокимиятда бўлган Консерватив партияни мағлуб этган эди. Сиёсатчининг истеъфоси ҳақидаги чақириқлар 2026 йил май ойида ўтказилган маҳаллий сайловларда Лейбористлар партияси кутилган натижани қайд эта олмаганидан кейин янада кучайган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!