Ўзбекистонда чорвачилик тармоғини ривожлантириш мақсадида 2026–2028 йилларда 463 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтирилиши режалаштирилган. Ушбу дастур гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган.
Дастур доирасида фаолияти тўхтаб қолган 103 та чорвачилик корхонаси қайта тикланади, чорвачиликка ихтисослашган 13 та туман қўллаб-қувватланади ва аҳоли хонадонларида 11 мингта енгил конструкцияли молхона қурилади. Шунингдек, умумий қиймати 3 триллион сўмлик 802 та янги лойиҳа амалга оширилади. Бу лойиҳалар доирасида минглаб бош қорамол, қўй ва эчкилар парваришланади.
Режалаштирилган чора-тадбирлар натижасида мамлакатда йилига қўшимча 190 минг тонна гўшт ҳамда катта ҳажмда сут ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Бундан ташқари, Мўғулистон, Хитой, Европа давлатлари ва Беларусдан наслли чорва моллари олиб келиниши ҳисобига яна 44 минг тонна қўшимча гўшт ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Шунингдек, чорвачиликка ихтисослашган 2 407 та маҳалла ва 823 минг хонадонни қўллаб-қувватлаш, уларга наслли чорва етказиб бериш, сунъий уруғлантириш, ветеринария хизматларини яхшилаш ҳамда ем-хашак билан таъминлаш режалаштирилган. Бу орқали чорва маҳсулдорлиги ошиб, аҳоли даромадлари кўпайиши ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан ички бозорни барқарор таъминлаш мақсад қилинган.
Президент Шавкат Мирзиёев масъулларга барча лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини чуқур таҳлил қилиш, ажратилаётган маблағлардан оқилона фойдаланиш, рақамли мониторинг тизимини жорий этиш ҳамда ички бозорни сифатли ва ҳамёнбоп гўшт-сут маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш бўйича топшириқлар берди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!