1-синф ўқувчилари учун “Президент совғалари”ни етказиш бошланди
Янги 2026/2027-ўқув йили учун 1-синфга қабул қилинаётган ўқувчиларга мўлжалланган “Президент совғалари”ни ҳудудларга етказиш ишлари бошланди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълум қилишича, ўқув қуроллари 15 августга қадар барча ҳудудларга, 25 августга қадар эса мактабларга тўлиқ етказилиши режалаштирилган.
Вазирлик маълумотига кўра, 2026/2027-ўқув йилида республикадаги 10 225 та умумтаълим мактабида 550 мингдан ортиқ педагог 6,7 миллиондан зиёд ўқувчига таълим беради.
Жорий ўқув йилида 795 мингдан ортиқ бола 1-синфга қабул қилиниши режалаштирилган. 5 август ҳолатига кўра, улардан 680 минг нафари, яъни режанинг 85 фоизи мактабларга қабул қилинган.
1-синф ўқувчилари учун тайёрланган “Президент совғаси” тўплами 12 турдаги ўқув қуролидан иборат. Тўпламга ўқув сумкаси, дафтарлар, ручка, оддий ва рангли қаламлар, рангли қоғоз, пластилин, расм дафтари, ўчирғич, акварель бўёқлари, елим ҳамда қаламдон киритилган.
Мазкур ўқув қуроллари 25 августга қадар мактабларга қабул қилинган ўқувчилар сонига мос равишда тўлиқ етказилади. “Президент совғалари” эса “Биринчи қўнғироқ” тадбирларидан сўнг 1-синф ўқувчиларига тантанали равишда топширилади.
Шунингдек, ушбу совғалар нодавлат мактаблар ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфидаги таълим муассасаларида таҳсил оладиган 1-синф ўқувчиларига ҳам берилади.
Вазирликнинг таъкидлашича, ҳар бир биринчи синф ўқувчисини ўқув қуроллари билан ўз вақтида таъминлаш мақсадида adm.maktab.uz электрон платформаси орқали мактаблар кесимида ўқувчилар рўйхати шакллантирилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!