“Самарқанд-2028” сунъий йўлдоши орбитага учирилди
Бугун, 5 август куни STAR.VISION компанияси томонидан Хитойнинг Шандун провинцияси қирғоқлари яқинидаги денгиз старт платформасидан “Самарқанд-2028” ва “Лампунг-1” гиперспектрал сунъий йўлдошлари муваффақиятли орбитага учирилди. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги маълум қилди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон тарихидаги энг йирик халқаро космик ташаббуслардан бири бўлиб, мамлакат миллий космик дастури ривожида янги босқични бошлаб берди. Шунингдек, лойиҳа Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги илмий-технологик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Лойиҳа доирасида “Ўзбеккосмос” агентлиги мутахассислари сунъий йўлдош борти учун махсус сунъий интеллект модулини ишлаб чиқди. Ушбу технология гиперспектрал маълумотларни бевосита орбитада қайта ишлаш имконини бериб, маълумотларни узатиш ва таҳлил қилиш самарадорлигини сезиларли даражада оширади.
Вазирлик маълумотига кўра, “Самарқанд-2028” миссияси қишлоқ хўжалиги, экология, табиий ресурсларни мониторинг қилиш, сув ресурсларини бошқариш, фавқулодда вазиятларни кузатиш, шаҳарсозлик ҳамда бошқа йўналишларда космик технологиялардан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради.
Сунъий йўлдошга “Самарқанд-2028” номи берилиши ҳам рамзий маънога эга. Ушбу ном 2025 йилда Сидней шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро астронавтика конгрессида қабул қилинган қарорга кўра, 2028-йилги конгресс Самарқанд шаҳрида ўтказилиши белгиланганига ишора қилади.
Рақамли технологиялар вазирлиги таъкидлашича, мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг жаҳон космик ҳамжамиятидаги иштирокини кенгайтириш, миллий муҳандислик салоҳиятини ривожлантириш ҳамда сунъий интеллект ва космик технологиялар йўналишида халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!