ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ШОИРИ ШАРИФА САЛИМОВА
Ўзбек адабиёти ва маданияти оғир жудоликка учради. Замонавий шеъриятимизнинг таниқли намояндаларидан бири, серқирра ижодкор, жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ шоири Шарифа Салимова шу йил 5 август куни 75 ёшида вафот этди.
Шарифа Салимова Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва ифтихор, вафо ва садоқат, матонат ва жасорат каби эзгу фазилатларни тараннум этиб, жамиятимиз ҳаётидаги долзарб маънавий-маърифий масалаларга, оила ва ёшлар тарбиясига бағишланган кўплаб асарлари, ижтимоий фаолияти билан эл-юртимиз ўртасида муносиб обрў топган ижодкор эди.
Ўзининг 50 йилдан зиёд ҳаётини ўзбек маданияти равнақига бағишлаган устоз шоирамиз асрнинг 70 йилларида ўзига хос бетакрор овози, самимий, нафис шеърлари билан адабиётга кириб келди. Аёл қалбининг гўзаллиги ёрқин бадиий образлар, поэтик тасвирлар орқали теран акс эттирилган, ўткир ижтимоий муаммолар таҳлил қилинган “Ҳаёт завқи”, “Менинг баҳорим” каби дастлабки шеърий тўпламлари адабий жамоатчилик ва китобхонлар томонидан ижобий баҳоланди.
Ижодкорнинг “Хизр булоғи, “Етти оққуш”, “Гиёҳлар билан тиллашган инсон”, “Аёлга эҳтиром”, “Тонгга қасам”, “Дийдор саодати”, “Олимлик ва одамийлик”, “Ватан суврати”, “Вафонинг иффат йўли”, “Бедор тун томчилари” каби шеърий ва публицистик асарлари адабиётимиз ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.
Айни вақтда шоира машҳур хонанда ва созандалар билан ҳамкорликда ўнлаб таъсирчан қўшиқлар ҳам яратди. Ана шундай ижодий ҳамкорлик натижаси бўлган “Қаддингни тик тут, аёл!”, “Ватан”, “Она нидоси”, “Давлатли султоним менинг”, “Дунё”, “Онажон тилим”, “Сендан бир дам айро тушмаймиз, Ватан!” сингари мусиқий тароналар санъатимиз хазинаси ва мухлислар қалбидан чуқур жой олди.
Шарифа Салимованинг ижодий меросида тарихий мавзу алоҳида ўрин тутади. Айниқса, Янги Ўзбекистон давридаги кенг кўламли ислоҳотлар туфайли тарихимизнинг илгари ёпиқ бўлган саҳифаларини ўрганиш учун кенг имкониятлар очилгани ижодкорни яна-да илҳомлантирди.
Бу матонатли инсон кейинги йилларда оғир хасталикни бошидан кечирганига қарамасдан, адабий фаолиятини қизғин давом эттирди. асрнинг 20 йилларида, таҳликали бир шароитда олис Германияга бориб ўқиган ва мустабид тузум даврида қатағон қилинган ўзбек аёллари тақдирига бағишлаб, 2024 йилда “Қабоҳат салтанати ёхуд қор қўйнида лолалар” деб номланган эпик кўламли шеърий роман яратди. Ўзбек адабиётида ушбу мавзудаги биринчи йирик манзума бўлган бу асар нафақат шоира ижодида, балки адабиётимиз тадрижида ватанпарварлик йўналишининг юксак намунаси сифатида эътироф этилди.
Ижодкор мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам фаол иштирок этди. У 1999–2009 йилларда Олий Мажлис депутати, Оила ва аёллар муаммолари комиссияси раиси каби масъулиятли лавозимларда самарали фаолият кўрсатди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг тажрибали ва жонкуяр аъзоси сифатида ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, ижодкорларнинг янги асарларини тарғиб этиш, жойларда ўтказиладиган адабий-маърифий учрашувларда, хусусан, Зомин ва Дўрмон ёшлар семинарлари доирасидаги тадбирларда доимо фаоллик кўрсатиб келди.
Шарифа Салимованинг мамлакатимизда адабиёт ва маданиятни равнақ топтириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон халқ шоири”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвонлари ва “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган эди.
Ҳассос шоира, таниқли жамоат арбоби, ёшларнинг меҳрибон устози, камтарин ва самимий инсон Шарифа Салимованинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!