$
12171.61 UZS
-24.39
149.80 UZS
-1.94
14117.85 UZS
-23.41
31° Кечаси 18°

Ўзбекистонда электр энергияси учун тўловнинг янгича тартиби йўлга қўйилиши мумкин

11:51 / 19.05.2022

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия ҳамда Энергетика вазирликларининг энергетика соҳасини ислоҳ қилиш масалалари бўйича маълумотида келтирилишича, қуйидаги сабабларга кўра Ўзбекистонда электр энергияси учун тўловнинг янги тизими йўлга қўйилиши мумкин. Яъни соҳада ижтимоий ҳимоя самарадорлигини ошириш мақсадида “ижтимоий норма” тизими бутун республика бўйича амалга киритилади.

Жумладан:

– электр энергиясини етказиб бериш инфратузилмаси билан боғлиқ муаммолар бор.

Масалан, сўнгги 5 йилда электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми 1,2 баробарга ошган, етказиб берилган электр энергияси эса 1,5 баробарга ўсган.

Шунга қарамасдан, етказиб бериш инфратузилмаси билан боғлиқ муаммоларнинг мавжудлиги ҳисобига 2021 йилда республика бўйича электр энергиясига қондирилмаган талаб ҳисоб-китобларга кўра 2-3 млрд кВт.соатни ташкил этган.

– ИЭС энергоблокларнинг аксарияти 25 йилдан ортиқ муддатда фойдаланиб келинмоқда, уларнинг фойдали иш коэффициенти паст (25-35 фоиз) ва замонавий буғ-газ ускуналарига (фойдали иш коэфициенти – 55-60 фоиз) қараганда 2 баравар кўп ёқилғи сарфлайди.

Шунингдек, сўнгги уч йилда ИЭСларга электр энергияси ишлаб чиқариш учун етказиб берилган табиий газ ҳажми 15 млрд куб метрдан 17 млрд куб метрга етди. Ушбу даврда аҳолига етказиб берилган табиий газ ҳажми ҳам 10 млрд куб метрдан 13 млрд куб метрга кўпайди.

– Мавжуд электр узатиш тармоқлари ва трансформаторларнинг асосий қисмининг қувват ўтказиш қобилияти пастлиги истеъмолчиларга электр энергиясини етарли ҳажмда етказиб бериш имкониятини бермайди.

Шунингдек, электр таъминотидаги кўп сонли узилишларга ва электр энергиясининг сифат кўрсаткичлари ёмонлашишига олиб келувчи тақсимловчи тармоқлар ва трансформаторларнинг юқори даражада эскирганлиги сабаб бўлмоқда.

– нархларнинг бозор механизмлари асосида шаклланмаганлиги ва асосий фондларнинг эскирганлиги соҳа корхоналари молиявий аҳволининг ёмонлашувига олиб келмоқда.

Хусусан, 2021 йилни Ўзтрансгаз – 2,5 трлн сўм, Ўзбекистон миллий электр тармоқлари – 2,1 трлн сўм зарар билан якунлаган.

Таъкидлаш лозимки, ушбу давлат корхоналарининг зарарлари ва уларнинг молиявий мажбуриятлари пировардида давлат бюджети харажатларининг бевосита ва билвосита ошишига олиб келмоқда.

– аҳоли сонининг ошиб бориши ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши натижасида юзага келадиган талабни таъминлаш учун энергия ресурслари ишлаб чиқаришнинг қўшимча қувватларини барпо этиш лозим.

Мисол учун, 2030 йилга бориб республика истеъмолчиларининг табиий газга бўлган йиллик талаби ҳозирги 54,2 млрд куб метрдан 65 млрд куб метргача ошиши ҳисоб-китоб қилинган.

Электр энергиясида эса бу кўрсаткич жорий 74 млрд кВт.соатдан 110 млрд кВт.соатгача ошиши кутилмоқда. Йилига 110 млрд кВт.соат электр энергияси етказиб бериш учун қўшимча равишда 19 ГВт қувватли янги электр станциялари қурилиши талаб этилади.

Юқорида келтириб ўтилган энергоресурслар бўйича қўшимча қувватларни яратиш учун камида 25 млрд доллар маблағлар зарур.

Ваҳоланки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Иссиқлик электр станциялари” АЖнинг амалдаги молиявий ҳолати бу қийматдаги лойиҳаларни амалга оширишга имкон бермайди.

Шу билан бирга, мазкур корхоналар томонидан кредит маблағларининг жалб этилиши ўз навбатида республиканинг ташқи қарзи ҳажмининг ошишига олиб келади.

Қайд этилишича, электр энергияси нархи арзонлиги бўйича Ўзбекистон Ливия, Ангола, Судан, Қирғизистон, Зимбабве ва Тожикистондан сўнг дунёда 7-ўринни эгаллайди (Қирғизистон ва Тожикистонда электр энергиясининг асосий қисми гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилади, шу сабабли унинг нархи арзонроқ).

Бундан ташқари, электр энергиясининг 1 кВт.соатининг таннархини 800 сўм деб олинса, бир ойда ўртача 200 кВт.соат электр энергияси ишлатадиган хонадон ойига 101 минг сўм, 400 кВт.соат электр ишлатадиган хонадон эса 202 минг сўм миқдорида шартли субсидия олмоқда.

Бошқача қилиб айтганда, амалдаги тарифлар асосан даромади нисбатан юқори ва мос равишда кўпроқ энергия ресурслари истеъмол қиладиган абонентларга катта миқдордаги шартли субсидия берилишига олиб келмоқда.

 

Мисол учун: бир пайтнинг ўзида 2-3 та кондиционер, биттадан ортиқ музлаткич, компьютер ва бошқа электр жиҳозларидан фойдаланувчи, яъни тўлов қобилияти юқори хонадонлар мос равишда кўпроқ электр энергиясини сарф қиладилар. Натижада ушбу хонадонлар кўпроқ шартли субсидия олмоқдалар.

Шунингдек, электр энергияси истеъмол қилувчи жами 7,3 млн абонент мавжуд бўлиб, уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 кВт.соатгача электр энергиясини истеъмол қилади. Лекин, мазкур хонадонларнинг ҳиссасига аҳоли истеъмол қиладиган жами электр энергиясининг бор-йўғи 31 фоизи (5,7 млрд кВт.с) тўғри келади. Бошқача қилиб айтганда электр энергиясининг энг кўп истеъмол қилувчи 20 фоиз истеъмолчилар умумий электр энергиясининг 69 фоизини истеъмол қилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, соҳага хусусий инвестицияларни, шу жумладан давлат-хусусий шерикчилик тамойили асосида кенг жалб этиш келажакда янги қувватларни яратишнинг бирдан-бир йўли бўлиб ҳисобланади.

Бунда, энергетика соҳасига хусусий инвестицияларни жалб қилишнинг энг зарурий шарти – бу улар иштирокида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини рентабелли, яъни фойда келтирадиган нархларда сотиш бўлиб ҳисобланади.

“Республиканинг йилдан йилга ошиб бораётган энерго ресурслар талабини барқарор ва тўлиқ таъминлаб бориш ҳамда соҳага хусусий инвестицияларнинг кириб келишини таъминлаш учун республика энергия ресурслари бозорини босқичма-босқич ислоҳ қилиш зарур.

Албатта ислоҳотларнинг ушбу ўтиш даврида аҳолининг кам таъминланган ва паст даромадли қатлами манфаатларидан келиб чиқиб, ижтимоий ҳимоя чоралари ишлаб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан пенсия ва болалари учун нафақа олувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилади”, – дейилади маълумотда.

Таъкидланишича, давлат томонидан энергия ресурслари нархларини “шартли субсидиялаш” амалиёти сақлаб қолинади. Бироқ, “шартли субсидиялар”ни тақсимлашда ижтимоий ҳимоя самарадорлигини ошириш мақсадида “ижтимоий норма” тизими бутун республика бўйича амалга киритилади.

Энергия истеъмол қилишнинг ижтимоий нормаси сифатида аҳоли томонидан имтиёзли тариф бўйича тўланадиган маълум миқдордаги энергия тушунилади. Яъни, муайян белгиланган миқдоргача нисбатан пастроқ (имтиёзли) нархда сотилади ва бу миқдордан ошиғи эркин бозор нархида сотилади.

Энергетика соҳасидаги ислоҳотлар табиий газ ва электр энергия тарифларини ижтимоий адолат тамойиллари асосида белгилаш ҳамда аҳоли ва тадбиркорларимиз учун энергия таъминотининг узлуксизлиги ва кўламини кенгайтириш учун замин яратади.

Бу борада тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси яқин кунларда жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Барча фикр ва таклифлар ўрганиб чиқилади.


Бу ҳам қизиқ

Тожикистон Президентини тантанали кутиб олиш маросими бўлди

Тожикистон Президентини тантанали кутиб олиш маросими бўлди

Кўксарой қароргоҳида мамлакатимизга давлат ташрифи билан келган Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмонни тантанал…
15:26 / 26.03.2026
Эрон Исроил ва АҚШ объектларига қарши ракета зарбаларининг 80-тўлқини эълон қилди

Эрон Исроил ва АҚШ объектларига қарши ракета зарбаларининг 80-тўлқини эълон қилди

Маълумотларга кўра, ҳужумлар нишонлари орасида Тел-Авив, Кирят Шмона ҳамда Форс кўрфазидаги тўртта АҚШ ҳарбий базаси ҳам бор.
13:05 / 25.03.2026
Ким Чен Ин КХДР президенти лавозимига қайта сайланди

Ким Чен Ин КХДР президенти лавозимига қайта сайланди

КХДР етакчиси Ким Чен Ин мамлакат президенти лавозимига қайта сайланди, деб хабар бермоқда Кореянинг Марказий телеграф агент…
09:24 / 23.03.2026
Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” таркибидаги илк совринини қўлга киритди

Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” таркибидаги илк совринини қўлга киритди

Ўйинда тўлиқ ҳаракат қилган Абдуқодир Ҳусанов Англиядаги илк совринига эга чиқди.
09:12 / 23.03.2026
Тожикистон Президенти 26-27 март кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади

Тожикистон Президенти 26-27 март кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон 26…
15:46 / 25.03.2026
Картошка кўринишида ниқобланган 72 кг наркотик модда фош қилинди

Картошка кўринишида ниқобланган 72 кг наркотик модда фош қилинди

Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
11:46 / 24.03.2026
25 март учун об-ҳаво маълумоти

25 март учун об-ҳаво маълумоти

Тошкент шаҳрида ҳаво ўзгарувчан бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3-8 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 10-12 …
16:46 / 24.03.2026
АҚШ чекинмоқда

АҚШ чекинмоқда

Эроннинг қатъий огоҳлантиришидан сўнг Трамп энергетика инфратузилмаларига ҳужум қилиш режасидан воз кечди.
17:21 / 23.03.2026
Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати +32 даражагача кўтарилади

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати +32 даражагача кўтарилади

“Ўзгидромет” хабарига кўра, 27 март куни мамлакат ҳудудида асосан қуруқ ва илиқ об-ҳаво сақланади. Айрим жойларда шамол куча…
12:25 / 26.03.2026
9 та вилоятда сел-сув тошқин ҳодисаси юзага келиши мумкин

9 та вилоятда сел-сув тошқин ҳодисаси юзага келиши мумкин

26 ва 28–30 март кунлари кутилаётган ёмғирлар ёғиши сабабли, республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳоди…
17:35 / 25.03.2026

Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!

Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!