Ўзбекистонда банкоматларга бўлган ички талабни қондириш мақсадида уларни маҳаллий ишлаб чиқариш имкониятлари ўрганилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг электротехника саноати вакиллари, тадбиркорлар ва инвесторлар билан мулоқоти давомида маълум қилинди.
Қайд этилишича, ўтган йили мамлакатга 9 мингта банкомат импорт қилинган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 50 миллион доллардан ошган. Савдо-кўнгилочар мажмуалар ва янги турар жой массивлари сонининг ортиши келгусида банкоматларга бўлган талабни янада ошириши кутилмоқда.
Шу муносабат билан мутасаддиларга банкоматларга бўлган эҳтиёжни ҳисоб-китоб қилиш, зарур технологиялар ва инвесторларни жалб этиш орқали маҳаллий ишлаб чиқаришни ташкил этиш имкониятларини ўрганиш топширилди.
Шунингдек, электротехника саноатида бошқа янги ишлаб чиқариш йўналишларини ривожлантириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, Тошкент вилоятида энергия батареялари ва электроника учун юпқа мис фольгаси, Жиззахда электромобиллар учун инвертор ва зарядлаш қурилмалари, Наманганда энергия тежамкор сув насослари двигателлари, Қорақалпоғистонда эса серверлар учун узлуксиз электр таъминоти ва совитиш тизимларини ишлаб чиқариш таклиф этилди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!