Ҳажга бориш учун ягона портал орқали рўйхатдан ўтиш мажбурий бўлади
Муқаддас зиёратга бориш истагида бўлган фуқаролар учун “Ҳаж ва умра ягона портали” орқали рўйхатдан ўтиш мажбурий этиб белгиланди.
Фуқароларга хорижда сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида:
– 2026 йил 1 февралдан бошлаб — ҳаж тадбирига;
– 2026 йил 1 майдан бошлаб — умра тадбирига олиб бориш порталда мажбурий рўйхатга олиш орқали амалга оширилади.
Зиёратчилар ҳақидаги маълумотлар порталга киритилмасдан туриб сафарларни ташкил этишга йўл қўйилмайди.
Ишлаб чиқарилганига 50 йилдан ошган транспортлардан фойдаланиш тақиқланади
Ҳукуматнинг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасини рақамлаштиришга қаратилган қарорига кўра, ишлаб чиқарилганига 50 йилдан ошган транспортлардан фойдаланиш, уларни қайта рўйхатга олиш тақиқланади. Улар давлат рўйхатидан чиқарилади.
Умумий вазни (юки билан) 44 тоннадан ортиқ юк автомобиллари, конлар, шахта ва карьерларда қўлланиладиган махсус транспортлар, юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксилар, шунингдек, антиквар автомототранспортлар учун алоҳида серияли рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари жорий этилади.
Автомототранспорт рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада мулкдорнинг манзилини кўрсатиш талаби ҳам бекор қилинади.
Автомактабларда назарий дарсларда қатнашиш ихтиёрий бўлади
Вазирлар Маҳкамасининг “Транспорт воситаларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, “А” ва “Б” тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олиш учун талабгорлар ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича мажбурий ўқув дастурининг назарий қисмини мустақил ўзлаштириши мумкин. Ушбу тоифадаги транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув гуруҳларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида рўйхатга олиш тартиби бекор қилинади.
Тошкентда пулли автотураргоҳлар бўйича янги тартиб кучга киради
Янги тартибга кўра, пулли автотураргоҳ зоналари жойлашган ёки уларга туташ маҳаллаларда яшовчи фуқаролар резидент мақомини олади. Улар учун махсус резидент автотураргоҳ рухсатномаси жорий этилади. Рухсатнома бир йил муддатга амал қилади. Рухсатномани олганлар ўз ҳудудида соат 20:00 дан 08:00 гача автотураргоҳлардан бепул фойдаланади. Соат 08:00 дан 20:00 гача бўлган вақтда эса йиллик резидентлик тўлови асосида тўлов амалга оширилади.
Йиллик резидентлик тўлови миқдори тариф зоналарига қараб белгиланади. Хусусан, 1-тариф зонаси учун бир йилга 1 базавий ҳисоблаш миқдори этиб белгиланган. Қолган тариф зоналари бўйича тўлов миқдорлари алоҳида тартибда тасдиқланади.
ID карталар электрон рақамли имзо билан берилади
Ўзбекистон фуқаролари биринчи марта ID карта олаётганида электрон рақамли имзо сертификати карта чипига бепул киритилади. Бундан ташқари, фуқаролар “Электрон ҳукумат” тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш ягона ахборот тизимида автоматик тарзда бепул рўйхатдан ўтказилади.
Ягона Ижтимоий реестр юритилади
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва Камбағал оилалар реестри негизида ягона Ижтимоий реестр юритилади. Ижтимоий реестр — “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида юритилиб, давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этиладиган оилалар (шахслар)ни аниқлаш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолаш вазифаларини бажаради. Ижтимоий реестрда оилалар ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб, “давлат таъминотидаги оила”, “камбағал оила” ва “камбағаллик чегарасидаги оила” тоифаларига ажратилади.
Профессионал тутинган оила хизмати жорий этилади
Зўравонлик натижасида оиласидан ажратилган, шунингдек, зўравонлик хавфи остида бўлган ва ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати жорий этилади. Профессионал тутинган оилалар махсус ижтимоий-реабилитация дастурлари асосида тайёрланади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари билан тузилган шартнома асосида ушбу оилаларга жойлаштирилади. Ҳар бир бола учун тутинган оилага ҳар ойда энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида тўлов амалга оширилади ҳамда боланинг яшаш харажатлари давлат ҳисобидан қопланади.
Ёшларга ижтимоий ёрдам янги шартлар асосида берилади
Белгиланган ижтимоий ёрдам турлари Камбағал оилалар реестрига киритилган оила ёшларига ижтимоий шартнома орқали узлуксиз таълим олиш, унда ижобий кўрсаткичларга эришиш, волонтёрлик билан шуғулланиш ва “Беш ташаббус олимпиадаси” лойиҳаларида қатнашиш каби шартлар билан берилади.
Ижтимоий шартнома шартлари бажарилмаган тақдирда, босқичма-босқич қуйидаги чоралар қўлланади:
– шартларни 15 кун ичида бажариш тўғрисида огоҳлантириш;
– ёрдам миқдорини 15 фоиздан 30 фоизгача камайтириш;
– ижтимоий ёрдам кўрсатишни 1 ойдан 6 ойгача вақтинчалик тўхтатиш;
– шундай ёрдамни 1 йил ва ундан ортиқ муддатга тўхтатиш.
Камбағал оилалардаги ёшлар ҳарбий хизматни бепул ўтайди
Президент фармонига кўра, Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалардаги ёшларга сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни бепул ўташ тартиби жорий этилади ҳамда ушбу мақсад учун субсидия ажратиш тартиби бекор қилинади. Бунда ҳарбий хизмат билан боғлиқ харажатлар Мудофаа вазирлигининг “Сафарбарлик чақируви резерви маблағлари” махсус ҳисобварағидан амалга оширилади ҳамда ҳарбий хизматни ўтаб келган ёшлар бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади.
Айрим ёшларнинг контракт суммаси бир қисми қоплаб берилади
Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалардаги ёшларга “Ёшлар дафтари” жамғармалари орқали касбий ва олий таълим ташкилотлари ўқувчи-талабаларининг контракт суммаси 50 фоизгача қисми тузилган ижтимоий шартнома шартларини бажариш даражасидан келиб чиқиб тўланади. Бунда 1 ўқув йили учун БҲМнинг 50 бараваридан ошмаслиги лозим.
“Ташаббусли бюджет”да аҳоли ва давлат шерикчилиги йўлга қўйилади
Ташаббусли бюджет жараёнлари доирасида ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни аҳоли ва давлат ўртасида шериклик асосида молиялаштириш амалиёти жорий этилади. Бунда ташаббускор аҳоли томонидан лойиҳалар қийматининг 50 фоиз қисми ихтиёрий равишда молиялаштирилган тақдирда лойиҳалар ғолиб деб топилади ва қолган 50 фоизи республика бюджетидан молиялаштирилади.
“Китоб – маърифат манбаи” дастури бошланади
Давлат органларининг китоб ва китобхонлик маданияти тўғрисидаги рекламаси ижтимоий ахборот (реклама) сифатида эътироф этилади. Транспорт инфратузилмаси объектлари ва транспорт воситаларида (автобус, метрополитен, самолёт, поезд) симсиз ёки мобил интернет орқали “Мутолаа” платформасидан фойдаланиш имконияти яратилади, қулайлик учун QR кодлар ўрнатилади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!