Ўзбекистонда 2027 йил 1 январдан муддатли тўлов хизматларини кўрсатувчи операторлар фаолияти тартибга солинади. Бу президентнинг тегишли қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, банк ва микромолия ташкилотларидан ташқари муддатли тўлов хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар оператор сифатида эътироф этилади. Уларнинг фаолият юритиш ҳуқуқи Марказий банк томонидан шакллантириладиган тегишли реестрга киритилгандан сўнг юзага келади.
Муддатли тўлов операторлари фаолиятида қуйидаги талаблар жорий этилади:
— мижозларни рақамли идентификация ва верификациядан ўтказиш;
— тузилган шартномалар ва уларнинг ижроси ҳақидаги маълумотларни кредит бюролари билан алмашиш;
— қарз юки бўйича Марказий банк томонидан белгиланадиган талабларни бажариш.
Операторларга молиявий истеъмол кредитларини ажратиш ҳамда жисмоний шахслардан пул маблағларини жалб қилиш тақиқланади.
Шунингдек, муддатли тўлов шартномаларида бир қатор чекловлар белгиланади. Жумладан:
— муддатли тўлов объекти қиймати БҲМнинг 250 бараваридан ошмаслиги;
— комиссия, устама ва бошқа тўловлар шартномада алоҳида кўрсатилиши;
— асосий қарздан ташқари барча тўловлар, жумладан, жарима, пеня ва воситачилик ҳақлари йиғиндиси йилига муддатли тўлов суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги;
— истеъмолчи қарзни исталган вақтда қўшимча жарима, пеня ва комиссияларсиз муддатидан олдин тўлаш ҳуқуқига эга бўлиши;
— муддатли тўлов муддати 12 ойдан ошмаслиги.
Бундан ташқари, кўчмас мулк ҳамда қонунчиликка мувофиқ муомаласи чекланган ёки тақиқланган бошқа мулк муддатли тўлов хизмати объекти бўла олмайди.
2027 йил 1 январдан қиймати БҲМнинг 3 бараваригача бўлган товар истеъмол кредитлари бўйича айрим маълумотларни кредит бюроларига тақдим этиш талаби ҳам бекор қилинади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!