Ўзбекистоннинг Сирдарё, Навоий, Самарқанд вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган тезкор тадбирларда жами 3 килограмм 650 граммдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари аниқланиб, мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида интернет-наркодўконда фаолият юритган, “закладчик” ва қадоқловчи вазифасини бажарган 1996 йилда туғилган эркак ҳамда 1998 йилда туғилган аёлнинг ижарадаги хонадони текширилди. Натижада иситиш мосламаси ичидан 337 грамм гашиш, бошқа манзилдан эса тарқатиш учун 65 та кичик бўлакка қадоқланган 208 грамм гашиш топилди.
Навоий вилоятининг Кармана туманида наркотик моддаларни яширин жойларга жойлаштириш орқали тарқатган уч нафар шахс ушланди. Улардан 20 грамм “Спайс” олиб қўйилди. Текширув давомида гумонланувчилар туман ҳудудидаги бир нечта яширин жойга яна 542 грамм ушбу моддани жойлаштиргани аниқланди. Самарқанд шаҳрида эса парранда гўшти савдоси билан шуғулланувчи дўкон ходимидан сотиш мақсадида сақланган 492 грамм опий мусодара қилинди.
Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида 1972 йилда туғилган фуқаро ёнидан 471 грамм марихуана топилгани маълум қилинди. Тезкор тадбир давомида унинг 1964 йилда туғилган, муқаддам судланган шериги ҳам аниқланди. Унинг автомобилидан 425 грамм, яшаш хонадонидан эса 97 та гугурт қутисига жойланган, жами 1 килограмм 175 грамм марихуана олиб қўйилди.
Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!