Пауло Коэло - бразилиялик ёзувчи. Коэло 38 ёшга тўлганида Испанияда руҳий уйғонган ва бу ҳақда ўзининг “Зиёрат” номли биринчи китобида ёзган. Уни машҳур қилган иккинчи китоби "Алкимёгар" эди.
Шундай машҳур асарлар муаллифи саналган Поуло Коэлонинг ёзувчилик мотиви шарқ адабиётида намоён бўладиган “илоҳийлик”дан илҳомланган. У ислом дини билан яқиндан таниш ва шарқ адабиётини севиб мутоала қилади. Хўш унинг болалиги, жамиятдаги ижтимоий фаоллиги ва хулосалари қандай бўлган. Бу мақолада шу ҳақида мунозара қиламиз.
Ёзувчининг болалиги
Коэло 1947-йил 24-августда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида туғилган. Коэло иезуит (Исо алайҳиссалом жамияти негизидаги) мактабларда ўқиган ва унинг ота-онаси диндор католик бўлган. У ёзувчи бўлишни хоҳлаётганини эрта англаган, аммо ота-онаси Бразилияда бу касб келажагини кўрмаслигини айтиб рад этишган. Ёш Коэло исёнкор бўлган. Ҳарактеридаги қайсарлик сабабли отаси уни 17 ёшида уч марта руҳий касалхонадаги шифокорлар кўригига олиб борган.
У болалигидаги бу хотирани шундай таърифлайди: "Мен отамни кечирганман. У мени яхши кўрганидан шундай қилди, аммо мени ўзига ўхшашимни истарди. Мен буни тушуниб етганман. Бироқ бу мендаги исёнларни янада оширганди”.
Сиёсий фаоллик ва оқимларга берилиш
Коэло отасининг маслаҳати билан ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга кирди, бироқ 1970-йилларда енгил ҳаёт тарзига берилиб ўқишни ташлади. У мамлакатдаги ҳарбий бошқарувга норозилик билдирган бразилиялик мусиқачилар учун қўшиқ матни ёзган. Ёзувчи сиёсий фаоллиги учун уч марта қамоққа ташланган ва қамоқхонада қийноққа солинган.
Мусиқий рокинг-рол жамосидаги фаолияти, сиёсий фаол ҳаракатлари, қамоқхонада ўтказган тунларидан кейин П.Коэлонинг руҳиятида катта ўзгариш рўй берди. Излагани булар эмаслиги тушунди ҳамда бир неча касблар билан шуғулланди. Ўзини ва ўзлигини қидирди. Ичидаги исёнларига жавоб излади ва йўлга чиқди. У 1986-йил 39 ёшида Испанияга қилган сафари чоғида католик зиёратгоҳи бўлган Сантяго де Компостела йўли бўйлаб 500 милдан ортиқ масофани босиб ўтди. Йўлда бошидан кечирган юриш ва руҳий уйғониш уни ўз она португал тилида саёҳатнинг автобиографик ҳикояси бўлган "Зиёрат" асарини ёзишга илҳомлантирган.
"Алкимёгар" ва Румий
Бутун дунё бўйлаб кўпчиликнинг илҳом манбаи бўлган “Алкимёгар” номли китоби билан жаҳон саҳнасига чиққан бразилиялик ёзувчи Пауло Коэло Суриянинг инглиз тилида юритиладиган “Forward” журналига берган интервюсида унинг асарлари Исломнинг сўфийлик анъаналари таъсирида яратилишини айтган. Хусусан, дарвеш ва ишқ шоири Жалолиддин Румий каби сўфий арбобларига катта ҳайратда эканлигини таъкидлаган.
"Ҳақиқатан ҳам, сўфийлик мени ҳаётим давомида кўп илҳомлантирди ва мен "Алкимёгар", "Зоҳир" каби китобларимнинг айримларида бу анъанага мурожаат қиламан. Албатта, Румий мен учун эсга тушадиган биринчи шахс. Унинг таълимоти ва қарашлари ақл бовар қилмайдиган даражада нозик ва аниқ”, деган Коэло “Forward” журнали бош муҳаррири Сами Мубаедга берган интервюсида.
1987-йилда ёзилган Аллегорик роман андалусиялик чўпон бола ҳақида бўлиб, у мистик саёҳатга эргашиб, "Дунё тили"да гапиришни ўрганади ва шу тариқа ўз хоҳиш-истакларини қабул қилади. Айнан шу персонаж шарқ мумтоз адабиётининг вакили Жалолиддин Румийнинг “Маснавий” асарида келтирилган бир ҳикоя мотивига жуда ўхшайди.
“Маснавий”даги ҳикоятда бир мисрлик новвойнинг тушига Шом юрти марказида жойлашган кўприк олдида ўсадиган ток ва ундаги узум шингиллари такрор-такрор кираверади. Сўнгра новвой бу узумда бир ҳикмат бордир деб, бор сақлаб қўйган пулини сарфлаб Шомга етиб боради. У ерда ўша кўприкни топади. Ҳалиги токнинг энг тепасида бир узум шингили чиройли бўлиб пишиб турган бўлади. У минг қийинчилик билан уни олишга ҳаракат қилаётган пайтда шаҳар миршаби келиб бу қийинчилигининг сабабини сўрайди. Шунда новвой бир неча ойдан буён шу токни ва узумни тушида кўришини айтади. Бу тушда ҳикмат бор деб, Мисрдан Шомга келганини маълум қилади. Наввойнинг гапини эшитган миршаб роса кулади ва: “Мен бир неча йиллардан буён Мисрда жойлашган бир наввойнинг уйини кўраман.Унинг эски тандири тагида бир хум тилла бекитилган. Лекин битта шу тушни деб Мисрга бормайман-ку!? Бу аҳмоқчилик, дейдию йўлини давом эттириб кетади. Ҳалиги новвой шошилганча ўз юртига қайтиб кетади. Уйга бориб эски тандирининг тагини қазий бошлайди ва у ердан бир хум тўла олтин топади.
“Алкимёгар”даги чўпон Сантягонинг хазина излаб айнан араб давлатига кетиши ҳам бежиз эмасдир. Тез орада "Алкимёгар" бутун дунё бўйлаб кутилмаган ҳодисага айланди. Китоб, Коэло ҳисобига кўра, тахминан 35 миллион нусхада сотилган ва ҳозирда ҳар қандай тирик муаллиф томонидан дунёдаги энг кўп таржима қилинган китобдир. "Алкимёгар" нашр этилгандан бери Коэло ҳар икки йилда бир марта янги китоб чиқарди. Унинг 26 та китоби камида 59 тилда 65 миллион нусхада сотилган.
"Мен китоб ёзганимда, ўзим учун китоб ёзаман. Одамларга ёқиш ёки ёқмаслиги бу менинг ишим эмас".
Коэло 1980-йилда рафиқаси рассом Кристина Оитикика билан турмуш қурган. Эр-хотин биргаликда йилнинг ярмини Рио-де-Жанейрода, қолган ярмини Франциянинг Пиреней тоғларидаги қишлоқ уйида ўтказади. 1996- йилда Коэло болалар ва қарияларни қўллаб-қувватлайдиган Пауло Коэло институтига асос солган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!