Россия Президенти Владимир Путин Япония ҳам ҳудудий даъво қиладиган Курил оролларидан бири — Итурупга ташриф буюрди. Бу ҳақда Россиянинг ТАСС давлат ахборот агентлиги хабар берди.
ТАСС маълумотига кўра, бу Путиннинг Курил оролларига илк шахсий ташрифи бўлган. Россия раҳбари Узоқ Шарқда ўтказилган ҳарбий-денгиз машғулотларини кузатгач, Итурупдаги “Ясний” балиқни қайта ишлаш заводига борди.
Ташриф давомида Путин маҳаллий балиқчилик соҳаси ва балиқларнинг миграцияси ҳақида маълумот олди. Шунингдек, у заводда ишлаб чиқариладиган маҳаллий балиқ икрасидан татиб кўрди.
Курил ороллари Россия ва Япония ўртасидаги узоқ йиллик ҳудудий низонинг асосий мавзуларидан бири бўлиб қолмоқда. Япония оролларни “Шимолий ҳудудлар” деб атайди ва уларнинг бир қисмини ўз ҳудуди деб ҳисоблайди.
Икки давлат Иккинчи жаҳон урушидан кейин расман тинчлик шартномасини имзоламаган. Ҳудудий низо ушбу шартноманинг тузилишига тўсқинлик қилаётган асосий масалалардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!