“Тери канаси" хасталиги ҳақида билармидингиз? Номи анчайин ваҳимали туюлади. Аммо, уни уй ҳайвонларида учрайдиган кана билан адаштирманг. Биз билган канадан фарқли ўлароқ, тери канаси ўта кичик ҳажмли бўлади ва қон сўриш хусусиятига эга эмас. Бироқ анча-мунча ноқулайликлар туғдириши мумкин. Бу тиббиёт тилида “Демодекоз" деб номланади.
Белгилари қандай?
Юзингиз қичишиб, терингиз қалинлашяптими, яллиғланишлардан чарчадингизми? Ияклар, пешона, умуртқа атрофида шиш ва қизаришлар борми? Кўз атрофида ачишиш, қовоқда эса қизариш, қичишиш ва шиш пайдо бўлдими? Кипригингиз тўкилиб, кўз атрофида оқиш ажралмалар пайдо бўлиши ҳам тери канаси аломатларидан ҳисобланади. Агар юқоридаги белгилар сизни анчадан буён безовта қилиб келаётган бўлса, дермотолог- косметолог шифокорга мурожаат қилинг.
Юз терисига оид бу муаммо асосан терининг ёғ алмашинуви бузилганида, стресс ва иммунитет тушиб кетганидан пайдо бўлади.
Ушбу микроскопик каналар терининг ёғ қатламида ёки туклар илдизида, тери ҳужайралари билан озиқланиб кун кечиради.
У кўзга кўринмас даражада кичик бўлгани туфайли (0,4-0,5 мм), бор-йўқлигини катталаштириб кўрсатувчи микроскоплар ёрдамидагина аниқласа бўлади. Бунинг учун эса косметикадан ҳоли, тоза теридан озроқ намуна олиш керак. Айрим ҳолатларда қоннинг умумий биокимёвий таҳлили ҳам буюрилиши мумкин.
Давоси борми?
Одатда тери ости канасини дерматолог шифокор аниқлаб, турига қараб даво чораларини тавсия этади. Бу хасталик асосан дори-дармон воситалари билан даволанса-да, қўшимча сифатида косметологик ва физиотерапевтик муолажалар ҳам тавсия этилади.
Шунингдек, ундан бутунлай халос бўлиш учун юз терисини кунига 2-3 бор тозалаш тавсия этилади. Доимий равишда пилинг муолажасига мурожаат қилиш, уй шароитида махсус лосён ва суртмалардан фойдаланиш, юзни фақат бир марталик салфеткада артиш ва ушбу салфеткани ташлаб юбориш, терини тоза сақлаш ва гигиенага доимий равишда риоя қилиш лозим.
Оналаримиз бежизга “Дугонангнинг упасидан фойдаланма, лаб бўёғини суртма" деб таъкидлашмайди. Микроорганизмлар аксарият ҳолларда айнан шу воситалар орқали юзга ўтиши мумкин.
Каналарнинг кўпайишига пар ёстиқлар катта ҳисса қўшади. Шу сабабли беморларга синтепонли ёстиқларда ётиш тавсия этилади. Кўчада, жамоат жойларида юрганингизда қўлингиз билан ҳамма жойни ушлаб юрасиз, пул санайсиз, эшик тутқичларини ушлайсиз ва охирида юзингизга тегасиз. Кўпинча мана шу ҳолатда хам демодексни юқтириб олишингиз мумкин.
Ўзингизни эҳтиёт қилинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!