$
11941.65 UZS
-81.81
₽
147.65 UZS
-1.79
€
13383.01 UZS
-78.46
31° Кечаси 18°

2026 йилги 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси Самарқанд шаҳрида ўтказилади

18:14 / 11.05.2023

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори:

Мамлакатимизда илк бор ўтказиладиган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини юқори савияда ташкил этишга пухта тайёргарлик кўриш, янги авлод истеъдодли ёш шахматчиларни тайёрлаш ва жаҳон шахмат майдонига олиб чиқиш, шахматни аҳоли ўртасида янада оммалаштириш мақсадида:

1. Халқаро шахмат федерациясининг (кейинги ўринларда – ФИДЕ) 2022 йилдаги конгрессида 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ҳамда ФИДЕнинг навбатдаги конгрессини 2026 йилда Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинганлигини инобатга олиб, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон шахмат федерасиясининг 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. 2026 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига комплекс тайёргарлик кўриш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) тузилсин ҳамда унинг таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Қуйидагилар Ташкилий қўмитанинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

2023 йил 1 декабрга қадар ФИДЕ раҳбарияти бошчилигидаги делегациянинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига ташрифини ташкиллаштириш;

46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини ўтказиш бўйича ФИДЕ билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида шартномалар, келишувлар, меморандумлар ва кафолат хатларини имзолаш;

ФИДЕ томонидан тасдиқланган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига тайёргарликнинг бош режасини тузиш, олимпиада дастури ва логотипини тасдиқлаш;

46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини юқори савияда ташкил этиш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар ишини мувофиқлаштириб бориш ҳамда уларнинг ҳисоботларини эшитиш;

46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш учун зарур мутахассис кадрларни тайёрлаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш;

46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича харажатлар сметасини тасдиқлаш;

46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини ўтказишга тайёргарлик кўриш бўйича барча масалаларни ва юзага келадиган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш.

4. Ўзбекистон шахмат федерацияси (А.Саъдуллаев) Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (Ш.Маҳмудов), Самарқанд вилояти ҳокимлиги (Э.Турдимов) билан биргаликда 2024 йилдан бошлаб 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини ўтказиш билан боғлиқ ҳар йилги харажатлар сметасини тайёрлаб, Ташкилий қўмитага киритсин.

5. 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишга масъул ташкилот этиб Ўзбекистон шахмат федерацияси белгилансин.

6. Ўзбекистон шахмат федерацияси (А.Саъдуллаев):

46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини ўтказиш бўйича ФИДЕ билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида шартномалар, келишувлар, меморандумлар ва кафолат хатларини имзолаш тадбирларини ташкил этиш;

мавжуд инфратузилмалар қувватини таҳлил қилиш асосида 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ўтказиладиган спорт иншоотлари ва бошқа объектларни ФИДЕ талабларига мувофиқ тайёрлаш, уларни зарур бўладиган спорт, тиббий, техник ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш;

46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида иштирок этувчи эркаклар ва аёлларнинг 3 тадан миллий терма жамоаларини шакллантириш;

46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш жараёнига волонтёрларни жалб этиш;

46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига тайёргарликнинг бориши ва амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги билан биргаликда Ташкилий қўмитага мунтазам равишда ҳисобот тақдим этиб бориш чораларини кўрсин.

7. 2026 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига комплекс тайёргарлик кўриш ҳамда шахматни оммавий ҳаракатга айлантиришга оид чора-тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

8. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Ҳ.Умарова), Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (И.Абдураҳмонов) ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (А.Икрамов) Ўзбекистон шахмат федерацияси (А.Саъдуллаев) билан биргаликда:

мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига шахматни соддалаштирилган тарзда ўргатувчи анимацион материаллар ва ўқув қўлланмаларни яратсин;

мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларини шахматга қизиқтириш ва ўргатиш бўйича “Шахмат боғчадан бошланади” махсус дастурини амалга оширишни тизимли йўлга қўйсин;

ҳар йили мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида “Шахмат фестивали” мусобақаларини ўтказиб борсин;

умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида “Мактаб лигаси”, “Академик лисей лигаси” “Профессионал таълим муассасалари лигаси” ва “Талабалар лигаси” мусобақаларини ҳар йили уч босқичда тизимли ўтказишни йўлга қўйсин.

9. 2024 йил 1 январдан бошлаб “Шахмат стипендияси” таъсис этилсин.

Белгилансинки, “Мактаб лигаси”, “Академик лисей лигаси”, “Профессионал таълим муассасалари лигаси” ва “Талабалар лигаси” мусобақаларида ғолиб бўлган ўқувчи-ёшлар ва талабалар йил давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида “Шахмат стипендияси” билан рағбатлантирилади.

10. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2024 йил 1 январдан бошлаб хусусий шахмат клубларига улар томонидан шахмат тўгаракларини ташкил этиш ва аҳолига хизмат кўрсатиш учун давлат мулки объектлари ва ҳудудлардаги “Ёшлар марказлари”дан ижара тўловларисиз (коммунал тўловлар бундан мустасно) жой ажратилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Ёшлар ишлари агентлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда шахмат тўгаракларини ташкил этиш учун “Ёшлар марказлари”дан жой тайёрласин ва қизиқиш билдираётган фуқароларга уларни таклиф қилсин.

11. Мудофаа вазирлиги (Б.Қурбанов), Миллий гвардия (Р.Джураев) ва Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов) Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон шахмат федерацияси билан биргаликда Қуролли Кучлар тизимида, шу жумладан, ҳарбий таълимга йўналтирилган ташкилотларда, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида шахматни янада ривожлантириш ва оммалаштириш мақсадида:

шахмат бўйича тренер ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда ҳарбий хизматчи ва ходимлар учун ўқув машғулотларини ташкил қилсин;

ҳарбий хизматчи ва ходимлар учун шахмат бўйича ўқув-услубий қўлланмалар ва бошқа ахборот материалларини тайёрласин;

Қуролли Кучлар ҳарбий тузилмалари, ҳарбий таълимга йўналтирилган ташкилотлар ва жазони ижро этиш муассасаларини шахмат бўйича ўқув қўлланма, шахмат тахтаси, фигуралари, соати ва бошқа зарур анжомлар билан таъминласин;

ҳарбий хизматчи ва ходимлар учун машҳур шахматчилар иштирокида маҳорат дарслари, учрашувлар, семинар, тренинг ва ўқув дарсларини ташкил этсин;

Қуролли Кучлар ҳарбий тузилмалари, ҳарбий таълимга йўналтирилган ташкилотлар ва жазони ижро этиш муассасаларида йил давомида тизимли равишда шахмат бўйича турнирлар ва мусобақаларни ташкил қилсин ҳамда ғолиб ва совриндорларни рағбатлантириб борсин.

Белгилансинки, мазкур бандда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ сарф-харажатлар Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда Ички ишлар вазирлигининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (Ш.Маҳмудов) ҳамда Ўзбекистон шахмат федерацияси (А.Саъдуллаев) салоҳиятли ҳарбий хизматчилар ва ходимларни шахмат бўйича республика ҳамда халқаро мусобақалар ва турнирларга кенг жалб қилсин, уларни шахматчилар захираси ва терма жамоалар таркибига қўшиш чораларини кўрсин.

12. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (А.Икрамов) Ўзбекистон шахмат федерацияси (А.Саъдуллаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда:

2024 йилдан бошлаб ҳар йили профессионал шахмат клублари ўртасида “Ўзбекистон биринчилиги” мусобақаларини ўтказиб бориш;

шахмат бўйича миллий терма жамоалар аъзолари, шунингдек, миллий терма жамоаларга асосий номзод бўлган шахматчиларни тайёрлаш учун тажрибали хорижий тренер ва мутахассисларни жалб қилиш ҳамда уларнинг кўмагида маҳаллий тренер ва мутахассисларни ўқитиш;

халқаро арбитрлар тайёрлаш бўйича семинарлар ва амалий машғулотларни мунтазам ташкил этиб бориш;

шахматни тарғиб қилишда алоҳида намуна кўрсатган оммавий ахборот воситалари вакиллари ва шарҳловчилар (“стример”лар)ни танлов асосида танлаб олиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

ФИДЕ таснифига кирувчи нуфузли халқаро мусобақаларни босқичма-босқич Ўзбекистонда ўтказиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

ҳудудларда иқтидорли шахматчи ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал шахматчилар сифатида тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чораларини кўрсин.

Белгилансинки, ушбу бандда назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

13. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Ш.Кудбиев) 2024 йилдан бошлаб ҳар йили 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини ўтказишга пухта тайёргарлик кўриш бўйича Ташкилий қўмита томонидан тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ 50 миллиард сўмгача маблағлар Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминласин.

Белгилансинки, ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўзда тутилган маблағлар қуйидаги мақсадлар учун йўналтирилади:

46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини ўтказиш учун ФИДЕга кафолат маблағларини ўтказиш;

46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаларига шахматчиларимизни тайёрлаш, шу жумладан, суперкомпьютер дастурларини ижарага олиш, шахматчилар ва уларнинг тренерлари ФИДЕ таснифидаги мусобақаларда иштирок этиши билан боғлиқ тадбирларни молиялаштириш;

46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бошқа харажатларни молиялаштириш;

шахмат бўйича замонавий методикаларга асосланган илмий-услубий ва ўқув адабиётларни тайёрлаш ва чоп этиш;

“Шахмат стипендияси”ни тўлаб бориш;

шахмат бўйича маҳаллий ва халқаро чемпионатлар, турнирлар ва бошқа мусобақаларни ташкил этиш ва қўшимча молиялаштириш.

14. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А.Кўчимов), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Хаджаев) ва Ўзбекистон Миллий медиа ассосиасияси (Ш.Қудратхўжа) Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (А.Икрамов) ҳамда Ўзбекистон шахмат федерацияси (А.Саъдуллаев) билан биргаликда 2026 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига комплекс тайёргарлик кўриш ҳамда шахматни оммавий ҳаракатга айлантиришга оид амалий чора-тадбирларни кенг ёритсин.

15. Ушбу қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.И.Икрамов, Ёшлар ишлари агентлиги директори, Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси А.З.Саъдуллаев ҳамда Самарқанд вилояти ҳокими Э.О.Турдимов белгилансин.

Қарор ижросини назорат қилиш 2026 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига комплекс тайёргарлик кўриш бўйича ташкилий қўмита раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.


Бу ҳам қизиқ

“Imarat Development” МЧЖга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

“Imarat Development” МЧЖга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Маълум бўлишича, МЧЖга Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг …
09:39 / 02.11.2026
31 октябрь кунги об-ҳаво маълумоти

31 октябрь кунги об-ҳаво маълумоти

Республика бўйлаб ҳаво ўзгарувчан бўлади, ёғингарчилик кузатилмайди.
17:44 / 30.10.2026
Ўзбекистонда 200 мингга яқин ёш хорижда ишлаш учун тил сертификатига эга

Ўзбекистонда 200 мингга яқин ёш хорижда ишлаш учун тил сертификатига эга

Президент Шавкат Мирзиёев хорижда юқори даромадли иш ўринларига эга бўлиш учун чет тилларини биладиган ёшларни касбга тайёрл…
14:54 / 02.11.2026
Бугун, 2 ноябрь куни қандай об-ҳаво кузатилади

Бугун, 2 ноябрь куни қандай об-ҳаво кузатилади

Бугун кундузи республика ҳудудининг асосий қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Шамол 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳаво ҳарорати 18-…
09:17 / 02.11.2026
Хориждаги иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар ҳар бир маҳаллага етказилади

Хориждаги иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар ҳар бир маҳаллага етказилади

Ўзбекистонда хорижда ишлаш истагидаги фуқаролар учун мавжуд бўш иш ўринлари, касбий талаблар ва тил билиш шартлари ҳақидаги …
12:58 / 02.11.2026
Ўзбекистон ва АҚШ Сиэтлда сунъий интеллект бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолади

Ўзбекистон ва АҚШ Сиэтлда сунъий интеллект бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолади

30 октябрь куни АҚШнинг Вашингтон штатидаги Сиэтл шаҳрида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорлик и…
12:30 / 02.11.2026
Сурхондарёда ишга олиш учун 4,5 млн сўм пора олган директор 2 йилга қамалди

Сурхондарёда ишга олиш учун 4,5 млн сўм пора олган директор 2 йилга қамалди

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида математика ўқитувчисини ишга қабул қилиш ва унга дарс соатлари ажратиш эвазига 4,5 млн…
23:17 / 30.10.2026
Аёл ва унинг тўрт фарзандини ёқиб юборган эркак умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Аёл ва унинг тўрт фарзандини ёқиб юборган эркак умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида аёл ва унинг тўрт нафар вояга етмаган фарзанди устига бензин сепиб, ёқиб юборган эркак …
11:23 / 02.11.2026
Камилла Раҳимова Токиодаги турнир ярим финалига йўл олди

Камилла Раҳимова Токиодаги турнир ярим финалига йўл олди

Бугун, 29 октябрь куни дунё рейтингида 66-ўринни эгаллаб турган ўзбекистонлик теннисчи Камилла Раҳимова Япониянинг Токио шаҳ…
12:01 / 30.10.2026
Тошкентдаги кўп қаватли уйлар ҳовлисидан автотураргоҳлар чиқарилади

Тошкентдаги кўп қаватли уйлар ҳовлисидан автотураргоҳлар чиқарилади

Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг ички ҳовлиларидан автотураргоҳлар ва автомобиль йўлакларини ташқарига чиқариш режала…
11:28 / 02.11.2026

Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!

Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!