Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг ички ҳовлиларидан автотураргоҳлар ва автомобиль йўлакларини ташқарига чиқариш режалаштирилмоқда. Бўшаган ҳудудлар аҳолининг дам олиши, болалар ўйнаши ва сайр қилиши учун мослаштирилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги «15 дақиқали қулай муҳит» лойиҳаси доирасидаги режалар юзасидан маълум қилди.
Лойиҳа доирасида турар жойларга пиёда 15 дақиқалик масофада боғча, мактаб, оилавий поликлиника, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ва дам олиш масканларини жойлаштириш кўзда тутилган. Бу орқали аҳолининг кундалик эҳтиёжларини яшаш жойига яқин ҳудудда қондириш имкониятини яратиш мақсад қилинган.
Шунингдек, маҳаллаларда хиёбонлар, серсоя пиёдалар йўлаклари, болалар ва катталар учун спорт майдончалари ҳамда учрашув жойлари ташкил этилади. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида замонавий видеокузатув тизимлари ва фавқулодда вазиятларда ёрдам чақириш учун СОС тугмалари ўрнатилиши ҳам режалаштирилган.
Ҳокимлик хабарида лойиҳанинг асосий мақсади маҳаллаларни қулай ва хавфсиз ҳудудга айлантириш, аҳоли ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ёрдам муносабатларини сақлаб қолиш экани таъкидланган.
Мазкур режалар Президент Шавкат Мирзиёевнинг 14-октабр куни Тошкент шаҳрини ободонлаштириш, янги мактаб ва боғчалар қуриш ҳамда шаҳар муҳитини ривожлантириш лойиҳалари билан танишиши ортидан амалга оширилмоқда. Режага кўра, «15 дақиқалик маҳалла» тамойили асосида 2027 йилда 100 та, 2030 йилга қадар эса жами 400 та маҳаллани комплекс янгилаш кўзда тутилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!