Тошкент шаҳрида ўтказилаётган «Do‘stlik Cup 2026» халқаро футбол фестивалида иштирок этиш учун келган қозоғистонлик ёш футболчиларнинг бир қисми заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда «Казинформ» ахборот агентлиги хабар берди.
Спортчилардан бирининг онаси Гулнурнинг айтишича, заҳарланишнинг дастлабки ҳолатлари 30 октябрь куни нонуштадан кейин кузатилган. 31 октябрга ўтар кечаси футболчиларнинг бир қисмида тана ҳарорати кўтарилиши, ич кетиши ва қайт қилиш аломатлари пайдо бўлган. Унинг сўзларига кўра, бир кечада 11 киши бетоб бўлган. Кейинчалик бошқа жамоалардаги болаларда ҳам шунга ўхшаш аломатлар кузатилган.
Онанинг маълум қилишича, 1 ноябрь куни кўплаб ёш футболчилар соғлиғи ёмонлашгани сабабли финал учрашувларида иштирок эта олмаган. Ота-оналар бунга спортчилар жойлаштирилган меҳмонхонадаги овқатлар сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Хусусан, нонуштада тухум ва сосиска каби маҳсулотлар тортилган.
Вазият юзасидан Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам муносабат билдирди. Идора маълумотига кўра, фестивалнинг бир қатор иштирокчилари саломатлиги тўсатдан ёмонлашган. Тиббий ёрдамга муҳтож Қозоғистон фуқаролари Ўзбекистоннинг ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига жойлаштирилган ва уларга зарур ёрдам кўрсатилмоқда.
Қозоғистон дипломатлари жабрланганларнинг яқинлари ҳамда тиббиёт муассасалари билан алоқада бўлиб турибди. Вазият вазирлик назоратида экани маълум қилинган.
Шунингдек, соғлиғи барқарор бўлган иштирокчиларнинг аввал режалаштирилган поезд ўрнига авиарейслар орқали Қозоғистонга қайтиши ташкил этилмоқда. Айрим оилалар эса ҳозирча Тошкентда қолмоқда.
Ҳозирча футболчиларнинг заҳарланишига айнан нима сабаб бўлгани ҳақида расмий хулоса берилмаган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!