Президент Шавкат Мирзиёев меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказмоқда. Унда жаҳон меҳнат бозоридаги ўзгаришлар, хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни иш билан таъминлаш ва ўзбекистонлик мутахассисларнинг халқаро меҳнат бозоридаги имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Давлат раҳбари дунёда бугунги кунда 168 миллион киши хорижий меҳнат миграциясида эканини таъкидлади. Ўзбекистонда ҳам чет элда ишлаш истагидаги фуқаролар борлиги, бошқа давлатларда эса ишчи кучига талаб юқорилиги қайд этилди. Ушбу имкониятларни ўзаро боғлаш соҳа мутасаддилари ва ҳудудлар раҳбарларининг асосий вазифаларидан бири экани билдирилди.
«Инсон ўз касбини пухта эгалласин, ўз қадрини билсин, ўз юртига таяна олсин!» — деди Президент.
Йиғилишда сўнгги йилларда тартибли меҳнат миграцияси йўналишида амалга оширилган ишлар ҳам қайд этилди. Хусусан, аввал бу борада учта давлат билан ҳамкорлик қилинган бўлса, ҳозир уларнинг сони 27 тага етган. Ҳамкорлик қилинаётган йирик хорижий иш берувчилар сони эса қарийб 400 тага кўпайган.
Маълум қилинишича, сўнгги ўн йилда хорижда ишлаётган ўзбекистонликлар сони икки баравар камайган, уларнинг оилаларига юбораётган пул маблағлари эса тўрт баравар ошган. Президент бу ҳолатни халқаро меҳнат бозорида ўзбек мутахассисларига муносабат ўзгараётгани ва фуқаролар хорижга оддий ишчи эмас, балки малакали кадр сифатида бораётгани билан изоҳлади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!