Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида аёл ва унинг тўрт нафар вояга етмаган фарзанди устига бензин сепиб, ёқиб юборган эркак умрбод озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти судлари матбуот хизмати хабар берди.
Суд маълумотларига кўра, ҳодиса жорий йилнинг 15 май куни соат 22:30 атрофида содир бўлган. Айбланувчи С.Т. жабрланувчининг Ғузор туманидаги хонадонига бориб, у билан жанжаллашган. Шундан сўнг у ўзи билан олиб келган беш литрли идишдаги бензинни ёпиқ хонада бўлган аёл ва унинг тўрт нафар фарзанди устига сепиб, уларни ёқиб юборган.
Кўрсатилган тез тиббий ёрдам ва муолажалар натижасида аёл ҳамда унинг икки фарзандининг ҳаёти сақлаб қолинган. Бироқ куйиш оқибатида оиланинг 6 ёшли ўғли ва 11 ёшли қизи вафот этган.
Суд мажлисида жабрланувчи аёл айбланувчига нисбатан олий жазо тайинланишини сўраган. У икки фарзандини йўқотганини таъкидлаб, суддан айбланувчига енгил жазо бермасликни илтимос қилган.
Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман суди ҳукми билан С.Т. Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми ҳамда 173-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Суд Жиноят кодексининг 59-моддаси 4-қисмига асосан тайинланган жазоларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали унга умрбод қамоқ жазоси тайинлаган.
Шу тариқа, икки нафар боланинг ҳаётига зомин бўлган мазкур жиноят бўйича суд ҳукми чиқарилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!