Германиядан 2026 йил давомида Ўзбекистонга 45 минг нафар мутахассис бўйича буюртма келиб тушган. Бироқ ҳозиргача атиги 2 минг киши ишга жойлашган. Бунга асосий сабаб немис тилини биладиган малакали кадрлар етишмаслиги экани меҳнат миграциясига бағишланган йиғилишда қайд этилди.
Шу муносабат билан касбий таълим ва хорижий тил ўргатишни биргаликда ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Германиянинг «Globogate» компанияси билан ҳамкорликда республикадаги 20 та тиббиёт техникумида йилига 1,5 минг нафар ҳамшира тайёрланмоқда. Қаршидаги Илғор касбий маҳорат техникумида эса германиялик ўқитувчилар ёшларга немис тили ва касб ўргатмоқда.
Йиғилишда хорижий иш берувчиларнинг буюртмаларини техникумлардаги таълим жараёни билан боғлаш, ёшларни ишга жойлашиш учун зарур тил ва амалий кўникмаларга мақсадли тайёрлаш муҳимлиги қайд этилди.
Андижонда тадбиркор фойдаланилмаётган техникумни таъмирлаб, Германиядан ўқитувчиларни жалб қилган ҳолда йилига 1,5 минг мутахассис тайёрлашни йўлга қўйган. Президент ушбу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам кенгайтириш, ҳар бир вилоятдаги 2–3 та техникумда касб билан бирга немис тилини ўргатиш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, Германиянинг «Телк» компанияси «Интил» халқаро ўқув марказида 100 нафар немис тили ўқитувчисини тайёрлашни бошлаган. Келаси йил бошидан уларни ҳудудлардаги техникумларга жалб қилиш вазифаси белгиланган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!