"Бу сафар уруш муқаррар, у бутун дунё бўйлаб бўлади. У ҳамма жойда очилади ва унинг жанг майдонларида чегара бўлмайди".
Отто Скорцени
Тарихнинг шундай очилмаган сирлари борки, бу сирлар юз йил ўтса ҳам очилмаслиги мумкин. Бугунги қаҳрамонимиз ҳам, бу сирли дунёда кўп жиҳатдан сирли эди ва умрининг охиргача сирли шахс бўлиб қолди. У режалаштирган ҳамда амалга оширган махсус операциялар (бир нечта истиснолардан ташқари) ҳар доим муваффақиятли якунланди. У ўзининг ажабланарли жасорати, режаларининг кутилмаганлиги ва ақлли қарорлари билан шахсан Адолф Гитлернинг ишончига кирди.
Бугунги мақоламизда учинчи рейхнинг биринчи рақамли диверсанти ва Адольф Гитлернинг шахсий саботажчиси Отто Скорценининг сирли ҳаёти ҳақида сўз юритамиз.
Чандиқ тарихи
Отто Скорцени 1908 йил 12 июнь куни гўзал Вена шаҳрида бадавлат муҳандис оиласида дунёга келган. Унинг ота-онасининг асил келиб чиқиши полшалик бўлиб, аждодлари Польшанинг Скозҳентсин (Скорзęcин) қишлоғидан бўлишган. Скорцени ўз тенгдошларига қараганда анча бақувват бўлиб улғайди. У ўрта мактабни битиргач, 1920 йилда Вена Олий техника мактабига ўқишга кирди. Ўша йилларда талабалар ўртасида дуэль ниҳоятда кенг тарқалган бўлиб, унда қилич билан юзни тирнаш эркаклик белгиси ҳисобланган. Маълумотларга кўра, Скорцени ўқиш давомида 15 та талаба билан қиличда дуэль тушган. У чап ёноғидаги чандиқни айнан шу дуэлларнинг бирида орттириб олган. Ўша вақтда юзда қанчалик чандиқ кўп бўлса, талаба шунчалик кучли ва жасур ҳисоблаган.
Талабалик даврида Отто Скорцени миллий социализм ғояларига жиддий қизиқиб қолади ва фашизм тарафдори бўлган кўнгиллилар корпусига, сўнгра "Ҳеимвер"(Ватан мудофааси иттифоқи) деб номланган ҳарбийлаштирилган бирлашмага аъзо бўлади.
Кўпгина қуролдошларидан фарқли ўлароқ, Скорцени немисларга кўпроқ мойил эди. 1930 йилда у Германия Миллий-социалистик ишчилар партиясига аъзо бўлди. Скорцени Адольф Гитлернинг шахсий ҳимояси учун мўлжалланган ва ҳужум отряди (СС) бошлиғи Эрнст Калтенбруннер билан яқиндан танишди.
Отто Скорцени университетни тугатгач, Берлинда қурилиш бўйича менежер бўлиб ишлади ва баъзи махфий топшириқларни бажарди. У 1938 йилда Австриянинг Германияга қўшиб олинишида ўзининг етакчилик қобилиятини намойиш этиб, Австрия президенти Вилгелм Миклас ва канцлер Шушнигни ҳибсга олди.
Мана шу воқеадан сўнг Германия хавфсизлик хизмати (СД)нинг юқори мартабали амалдорлари Скорценига жиддий эътибор қаратишди. У ўзининг баланд бўйи, жисмонан бақувватлиги, жасорати, айёрлиги ва яхши ғоялари билан ажралиб турар эди.
"Кристалли кеча"
1938 йил 10 ноябрь куни Скорцени "Кристалли кеча" ёки "Синдирилган шишалар кечаси"да иштирок этди. Ушбу кечада, аниқроғи 9-10 ноябрь кунлари Германия, Австриянинг бир қисми ва Судетландда ҳужум отрядлари (СА) томонидан яҳудийларга нисбатан ҳужум уюштирилган. Шу кечадан сўнг Скорцени ҳашаматли вилланинг эгаси бўлди. Бу вилланинг эгаси яҳудий «изсиз» ғойиб бўлди.
Отто Скорцени нинг саботажчи ва махсус операция ўтказиш бўйича қобилиятлари Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан ўзини намоён қила бошлади. Таъкидлаш жоизки, Отто Скорцени иштирокида ва бевосита раҳбарлигида амалга оширилган операцияларга оид кўплаб ҳужжатлар кейинчалик эҳтиёткорлик билан йўқ қилинган.
Иккинчи жаҳон урушидаги иштирок
Иккинчи жаҳон уруши бошланишида Скорцени СС қўшинлари таркибида Франция, Югославидаги ҳарбий ҳаракатларда ва Совет Иттифоқига қилинган ҳужумда фаол иштирок этди. Скорцени 1941 йилнинг август ойида дизентерия билан касалланиб, госпиталга ётқизилди. Скорсени ўзининг хотира дафтарларида ёзишича, декабрь ойида Совет Иттифоқи Москва яқинида қарши ҳужумга ўтганида, у ўт пуфагининг яллиғланиши оқибатида она шаҳри Венага юборилган экан. Шу билан Скорценининг фронтдаги фаолияти якунланади.
Скорцени 1942 йилнинг баҳоригача Вена шаҳрида даволанди. 1943 йилнинг апрель ойида унга СС Ҳауптстурмфüрер (капитан) унвон берилиб, душман орқасида разведка ва саботаж операцияларини ўтказиш учун яратилган СС махсус бўлинмаларига раҳбарлик қилиш тавсия этилди.
Истеъдодли разведкачи Шелленберг Скорценининг қобилиятини юқори баҳолади. Адольф Гитлер ва СС рейхсфюрери Генрих Гиммлер шахсан унга билдирган ишончи инобатга олиниб, Скорценига хорижий мамлакатларда разведка ва қўпорувчилик фаолиятига раҳбарлик қилишни буюрилди. Отто Скорцени ҳатто бир кўринишда мутлақо имконсиз бўлиб туюлган операцияларни ажойиб тарзда амалга ошира олди.
Маълумотларга кўра, айнан унга Адольф Гитлер ва рейхсфюрер Генрих Гиммлер Франциянинг жануби ва Испания шимолидаги тоғлардан "Муқаддас Грал косаси"ни қидириш бўйича ўта махфий топшириқ берган экан.
Скорценига буюк шуҳрат олиб келган операция
Отто Скорценига буюк шуҳрат ва шон-шарафни Италия қиролининг буйруғи билан ҳибсга олинган фашистик диктатор Бенито Муссолинининг озод қилиниши олиб келди. 1943 йилда 23 июль куни Скорцени шахсан Адольф Гитлердан Муссолинини озод қилиш тўғрисида буйруқ олди. Маълумотларга кўра, Муссолини қаердалигини аниқлаш учун икки ой вақт кетган. Скорсений 13 сентябрь куни махсус ўқитилган парашютчи-диверсиячилар отряди билан йўлга отланади. Улар ўтиб бўлмайдиган Абруззо вилоятидаги Гран Сассо тоғли ҳудудига қўнди. Муссолини "Cампо Императоре" меҳмонхонасида эди. Операция қисқа вақт ичида муваффақиятли тарзда амалга оширилди. Махсус гуруҳ меҳмонхонага ҳужум қилиб, Муссолини Гран Сассодан енгил самолётда дастлаб Римга, сўнг Мюнхенга олиб кетилди.
Муссолини соғ-омон қутқарган Скорцени, тез орада Германия қаҳрамонига айланди. Уни учинчи рейхнинг пропаганда вазири Геббельс қаттиқ қўллаб-қувватлади.
"Трамплин" операцияси
СС махфий хизматининг бошлиғи Оберстурмбаннфюрер "трамплин" деб номланган махфий операцияни ишлаб чиқди. Унга кўра, Теҳрон конференцияси вақтида уч мамлакат (Буюк Британия, АҚШ, Совет Иттифоқи) раҳбарларини ўлдириш кўзда тутилган эди. Бироқ бу операция амалга ошмади. Сабаби Совет разведкачиси Николай Кузнетсов немис разведкасининг режаларидан хабардор эди. Унинг берган маълумотлари асосида разведка гуруҳи Эрондаги немис резиденциясини аниқлади ва немис шипиёнларини қўлга олди. Улар Скорцени ва махсус кучларгаТеҳронга қўниши учун трамплин тайёрлаши керак эди.
1944 йил 20 июль куни Вермахтнинг бир гуруҳ юқори мартабали офицерлари томонидан Гитлерга нисбатан суиқасд амалга оширилди. Скорцени ўша куни Берлинда эди. У қўзғолонни бостиришда қатнашди ва Фюрер штаб-квартираси билан алоқа тикланмагунча 36 соат давомида қуруқликдаги кучлар захирасининг армия штаб-квартирасини назорат қилди.
1944 йилнинг куз ойларига келиб, қизил армия Совет Иттифоқининг олдинги чегара чизиғига етиб келди ва Шарқий Европа мамлакатларини бирма-бир озод эта бошлади. Шу вақтда Отто Скорцени Венгрияга жўнатилди. Сабаби Венгрия про-фашист диктатори Миклош Ҳорти ўз жонини сақлаб қолиш учун Совет қўшинларига таслим бўлишга қарор қилганди.
Скорцени фақат битта десант баталони билан Хортининг саройига ҳужум қилди. У саройни ярим соат ичида эгаллаб олди ва унинг йўқотишлари атиги етти кишини ташкил қилди. Скорсений диктатор Миклош Ҳортнинг ўғлини Будапештдан ўғирлаб кетди. Таҳдид остида қолган Ҳорти тахтдан воз кечди ва ҳокимиятни немиспараст Ференс Салаши ҳукуматига топширди. Шундан сўнг Венгрия то 1945 йилнинг апрель ойигача, яъни Совет қўшинлари томонидан тўлиқ мағлубиятга учратилгунга қадар Германия томонида урушда қатнашишда давом этди.
1944 йилнинг декабрь ойида Скорсений Адолф Гитлер томонидан Англия-Америка қўшинлари қўмондони генерал Эйзенхауэрни қўлга олишга қаратилган «Вултуре» операциясига масъул этиб тайинланди. Режага кўра, 2000 мингга яқин инглиз тилида сўзлашувчи немис жангчилари Америка ҳарбийларининг формасини кийган ҳолда, генерални ўғирлашлари керак эди. Аммо бу операция муваффақиятли амалга ошмади. Бунинг оқибатида Скорсенийнинг қўл остидаги кўплаб аскарлар асир олинди ва отиб ташланди.
Тутқич бермас Скорцени
Отто Скорцени Берлин мудофаасида қатнашди. У 1945 йил 15 май куни америкаликлар томонидан қўлга олинди. Бироқ Скорцени америкаликлар томонидан ҳибсга олингани бироз ғалати. Кўплаб тарихчилар, уни Америка разведкаси билан ҳамкорлик қилган деб тахмин қилишади. Қўлга олинган Скорцени Оберурсел лагерида қаттиқ қўриқланди. Отто Скорсений деярли икки ярим йил қамоқда ўтирди. Америка разведка хизмати у билан фаол ишлаганига шубҳа йўқ. Сабаби 1947 йилнинг сентябрь ойида Скорцени Дахаудадаги Америка ҳарбий трибуналида намоён бўлди ва барча айбловлардан озод этилди. Бироқ кўп ўтмасдан у янги Германия ҳукумати томонидан ҳибсга олинди ва Дармштадтдаги лагерга юборилди. Скорцени 1948 йилнинг июль ойида мутлақ сирли тарзда лагердан қочиб кетди. Айрим маълумотларга кўра, америкаликлар ёрдами билан Скорцени Қўшма Штатларга қочиб кетган ва у ерда махсус десантчилар тайёрлаган.
Бироз вақт ўтиб Скорсений Францияда пайдо бўлди. 1951 йилда унга шахсан диктатор Франко томонидан Пабло Лерно номига пасспорт берилган. Шундан сўнг Отто Скорсений Испанияда яшай бошлади. Маълумотларга кўра, Скорсений Исроил разведкасига ҳам ишлаган ва 1962 йилда Миср ҳукумати учун ракета дастури устида ишлаган олим Хайнтс Кругни ўлдирган.
Совет ёзувчиси Юлиан Семеновнинг таъкидлашича, хориждаги саёҳатлари давомида у Отто Скорцени билан учрашган ва ҳатто ундан интервью ҳам олган.
Отто Скорценининг Иккинчи жаҳон урушидан кейинги ҳаёти ҳақида деярли ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас. Бироқ бир нарса аёнки, учинчи рейхнинг биринчи рақамли саботажчиси 1975 йилда вафот этган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!