Ҳиндистонлик таниқли актриса Приянка Чопра бундан 20 йил аввал жарроҳлик амалиётига мурожаат қилгани, бунинг оқибатида руҳий тушкунликка дучор бўлгани ҳақида гапирди.
Ижодкорнинг айтишича, амалиётга бурун соҳасидаги шишларни олиб ташлаш эҳтиёжи сабаб бўлган. Актрисани жарроҳ қабулига боришга ўзи ҳам шифокор сифатида фаолият юритган отаси Ашок Чопра ундаган. “Мен даҳшатга тушиб қолганман, отам бўлса “Мен ҳам хонада сен билан бирга бўламан” деган. У "операция" вақтида қўлимдан ушлаб турган ва ўзимга бўлган ишончни қайтаришга ёрдам берган”, – деди Приянка.
Маълум бўлишича, жарроҳ амалиёт вақтида хатога йўл қўйган, натижада актрисанинг бурун шакли бутунлай ўзгариб қолган. “Юзим бошқача кўринишга кирган, мен ўзимга ўхшамай қолганман. Чуқур депрессияга тушганман”, – дейди актриса.
Бу вақтда гўзаллик танловларида фаол иштирок этаётган Приянка ташқи кўринишининг ўзгариб қолгани туфайли иккита лойиҳани қўлдан бой берган.
Жарроҳ йўл қўйган хато актрисанинг кинодаги фаолиятига нуқта қўйиши ҳам мумкин эди. Ана шу вақтда таниқли режиссёр Анил Шарма Приянкани қўллаб-қувватлаган. “Мен фильмдаги бош ролни ижро этишим керак бўлган, аммо мени иккинчи даражали ролга ўтказиб қўйишган. Фильм режиссёри жуда яхши инсон эди. Ҳамма менга қарши бўлиб турганда “Бу кичикроқ роль, аммо унга бор меҳрингни бер” деб айтган. Мен ҳам унинг айтганини қилганман”, – дейди актриса.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!