Болаликда расм дарсига жуда қизиққансиз, тўғрими? Болаларни танқид билан синдириш жуда қийин, улар танқид нима эканлигини билишмайди, ўзлари томон билдирилган салбий фикрларга кулиб жавоб қайтаришдан нарига ўтишмайди. Ёшингиз катта бўлиб, ақлингизни таний бошлаганингиздан кейин чизган суратларингиз аслида сиз ўйлагандек чиройли эмаслигини айтишади, сиз эса танқидни қабул қиласиз ва барчасига қўл силтаб кетасиз. Расм чизишни болаларга хос машғулот деб қабул қилманг. Балки фарзандларингиз сурат чизиб ўтирганларида уларнинг ёнига бориб, мўйқаламни қўлга олиш ва болалик онларини ортга қайтариш керакдир? Нима учун дейсизми?
Расм чизиш стрессдан халос этади
Қўллар иш билан банд бўлган ҳолатда ақл муаммоларни вақтинча бўлса ҳам унутади, диққат-эътиборингиз айни дақиқаларда содир бўлаётган воқеага қаратилади. Бу эса ўз навбатида стрессдан халос бўлишга ёрдам беради.
Расм чизиш жараёнида организмда кайфиятни кўтаришга ёрдам берувчи ва ҳаётдан қониқиш ҳиссини пайдо қилувчи серотонин, эндорфин, дофамин ва норепинефрин гормонлари ишлаб чиқарилади. Бир сўз билан айтганда, руҳшунос қабулига бориш ўрнига расм чизиш билан шуғулланса ҳам бўлади.
Мия фаолияти яхшиланади
Расм чизиш вақтида миянинг ҳар икки яримшари фаол ҳолатда бўлади, бу улар ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Нейропсихологлар миянинг иккита яримшарини бир вақтда ишлатиш фойдали эканлигини айтишади. Расм чизиш диққатни бир ерга жамлашга ўргатади, хотирани кучайтиради, креативликни оширади.
Оила аъзоларини бирлаштиради
Расм чизиш – оила аъзолари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга ҳам ёрдам беради. Қўлингизга қоғоз ва қалам олиб, столга ўтиришингиз билан ёнингизга бошқалар ҳам келиб ўтиришига шубҳа қилманг. Натижада яқинларингиз билан ижодий суҳбат қуриб, вақтни биргаликда ўтказишингиз мумкин бўлади.
Ўзингизни яхшироқ тушуна бошлайсиз
Расм чизиш – асабларни тинчлантиришга ёрдам берувчи машғулот. Жараён давомида эътибор бир ерга қаратилади, кўзлар ва қўллар ҳаракати назорат қилинади. Баъзида сурат орқали ички ҳолат, хавотирлар ва ҳис-туйғуларни акс эттириш ҳам мумкин. Бу эса ўзингизни яхшироқ тушунишга ёрдам беради.
Чизишни ўрганиш учун кўп нарса керак эмас
Бунинг учун ортиқча заҳмат чекишга ҳожат йўқ. Шунчаки интернетдан видеодарсларни излаб топинг, уларни диққат билан томоша қилинг ва ишга киришинг. Хоҳишингизга кўра, тасвирий санъат курсларига қатнашингиз ҳам мумкин. Энг муҳими, "Туғма қобилиятим йўқ" деган баҳона билан истакдан воз кечманг.
Балки буюк рассом бўлиш учун туғма қобилият керакдир, аммо кунларингизни ранглар билан безаш учун истак бўлса етарли!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!