Россия Павел Дуровни халқаро қидирувга берди
Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Telegram асосчиси Павел Дуровга нисбатан “террорчилик фаолиятига кўмаклашиш” моддаси билан айблов эълон қилинганини ва у халқаро қидирувга берилганини маълум қилди.
ФХХга кўра, жиноят иши Украина махсус хизматлари Телеграмъдаги оммабоп “Дайвинчик” чатботидан гўёки ёш россияликларни диверсия ва террорчилик фаолиятига жалб этишда фойдалангани ҳақидаги даъволар билан боғлиқ.
Идора маълумотига кўра, 2025 йил июлидан буён Москва, Санкт-Петербург ва бошқа шаҳарларда 12–22 ёшдаги 46 нафар Россия фуқароси қўлга олинган. ФХХ уларнинг чатбот орқали ёлланиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳужум қилиш, транспорт ва алоқа объектларига ўт қўйиш каби ҳаракатларни амалга оширганини иддао қилмоқда.
Шунингдек, ФХХнинг билдиришича, Украина махсус хизматлари ходимлари қизлар ниқоби остида ёшлар билан мулоқот қилиб, аввал улардан турли баҳоналар билан пул олган, кейинчалик эса уларни шантаж қилиш орқали ноқонуний ҳаракатларга ундаган.
Россия томонининг таъкидлашича, “Дайвинчик” чатботи 2025 йил 23 декабрда тақиқланган ахборотни ўз ичига олгани сабаб Роскомнадзорнинг тақиқланган ресурслар реестрига киритилган. ФХХ Telegram маъмурияти ушбу чатбот ва шунга ўхшаш каналларни ўз вақтида ўчирмаганини билдирмоқда.
Россия Жиноят кодексининг 205.1-моддаси 1.1-қисми бўйича айблов тасдиқланган тақдирда, Павел Дуров 8 йилдан 15 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Айни пайтда эълон қилинган айбловлар Россия ҳуқуқ-тартибот органларининг позицияси ҳисобланади. Павел Дуров ёки Telegram томонидан бу хабар юзасидан расмий муносабат билдирилгани ҳақида ушбу маълумотда келтирилмаган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!