Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги қатор боғчаларда болалар заҳарлангани юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Қайд этилишича, 24 сентябрь куни Пискент, Бўка ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги давлат боғчалари тарбияланувчилари туман тиббиёт бирлашмаларига тана ҳароратининг кўтарилиши, кўнгил айниши ва ич кетиши билан мурожаат қилган.
Бемор болаларга зарурий муолажалар амалга оширилган, шу куннинг ўзида уларнинг аксариятига соғлиғи яхшилангани туфайли уйларига жавоб берилган, оғир аҳволдаги беморлар аниқланмаган.
Ҳозирда боғчаларнинг ошхоналари кўздан кечирилиб, болалар суткалик истеъмол қилган таомлардан олинган намуналар лабораторияларда текширилмоқда.
Ҳолат юзасидан 25 сентябрь куни Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан ЖКнинг 257-1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
“Болалар омбудсмани бола манфаатлари нуқтаи назаридан ҳолат бўйича ўз кузатувини давом эттиради”, – дейилади хабарда.
Аввалроқ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабарида заҳарланиш Пискент ва Бўка туманларидаги боғчаларда кузатилгани айтилганди. Вазирликка кўра, заҳарланишга Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилган кефир сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!