Тошкент вилояти ҳокимлигининг инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бош мутахассиси, Тошкент шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус ёрдамчиси, 1980 йилда туғилган риэлтор ва 1996 йилда туғилган шахс ўзаро тил бириктириб, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига киришади.
Улар Чирчиқ шаҳрида жойлашган ва улгуржи савдо билан шуғулланувчи МЧЖ балансидаги 8,5 гектар ер майдонини фуқарога 6 млн 800 минг АҚШ долларига сотиш ҳамда ушбу ҳудудга электр, газ таъминоти, оқова сув йўлларини ўтказиш учун техник шарт ва рухсатномалар, шунингдек, қурилиш ишларини амалга ошириш учун тегишли рухсатнома олиб бериш эвазига 500 минг АҚШ доллари, жами 7 млн 300 минг АҚШ доллари талаб қилишади. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, улар сўралган пул маблағи ҳисобидан 160 минг АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!