Тошкентда синтетик гиёҳвандлик моддаларини тарқатишда гумонланган шахс ушланди. Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) маълумотига кўра, тезкор тадбир давомида ундан ва вақтинча яшаб турган хонадонидан 1,2 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинган.
Тезкор тадбир доирасида Юнусобод туманидаги «Уч қаҳрамон» ЙПХ масканида пойтахтга кириб келаётган Spark автомобили тўхтатилиб, текширилган. Автомобилда йўловчи сифатида кетаётган, 2004 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган шахсга тегишли целлофан пакетдан 200 та кичик пакетга қадоқланган 365 грамм мефедрон топилган.
Шундан сўнг гумонланувчи вақтинча яшаб турган Тошкент туманидаги хонадон кўздан кечирилган. У ердан яна 734 грамм мефедрон, 63 грамм альфа-ПВП ва 45 грамм спайс, шунингдек, иккита электрон тарози, қадоқлаш пакетлари ва бошқа ашёлар олиб қўйилган.
ДХХ маълумотига кўра, гумонланувчи аввал ўғрилик билан боғлиқ жиноят учун судланган. Шунингдек, унинг интернет орқали гиёҳвандлик моддаларини сотувчи дўконда «закладчик», яъни моддаларни белгиланган жойларга яшириб кетувчи шахс сифатида фаолият юритгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!