АҚШ президенти Доналд Трамп 6 февраль куни имзоланган фармонида Эрон билан савдони давом эттираётган мамлакатларга қўшимча божлар киритиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Фармойишда жорий этилиши мумкин бўлган ставка кўрсатилмаган, бироқ 25 фоиз мисол сифатида келтирилган. Бу “Эрондан ҳар қандай товар ёки хизматларни бевосита ёки билвосита сотиб оладиган, импорт қиладиган” исталган давлатдан АҚШга олиб кириладиган маҳсулотларга нисбатан қўлланади.
Қўшма Штатлар раҳбари йил бошида Эрон билан бизнес олиб бораётган мамлакатларга 25 фоизлик бож жорий этиш билан таҳдид қилганди. Жумладан у, 12 январь куни Truth Social ижтимоий тармоғидаги постида шундай ёзган:
“Дарҳол кучга киради, Эрон билан бизнес қилаётган ҳар қандай давлат Америка Қўшма Штатлари билан амалга оширадиган барча савдолар учун 25 фоизлик бож тўлайди”, – деган Трамп.
Оқ уйга кўра, сўнгги фармойиш Эронга нисбатан “амалда бўлган миллий фавқулодда ҳолат”ни яна бир бор тасдиқлайди. Шунингдек, вазият ўзгарса, президент ҳужжатга ўзгартириш киритиши мумкин.
“Президент Эронни ядровий салоҳиятга интилиш, терроризмни қўллаб-қувватлаш, баллистик ракеталарни ишлаб чиқиш, Америка, иттифоқчилари хавфсизлиги ва манфаатларига таҳдид соладиган минтақавий беқарорлик учун жавобгарликка тортмоқда”, – дейилган баёнотда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!