АҚШ президенти Дональд Трамп Nvidia бош директори Женсен Хуангнинг Хитой фойдасига жосуслик қилишда гумонланаётган аёл билан ишқий муносабати ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди. Трамп Хуанг билан телефон орқали суҳбатлашганини ва юзага келган вазиятдан ҳайратда эканини маълум қилди.
Аввалроқ Женсен Хуанг рафиқасига хиёнат қилганини тан олиб, ундан ҳамда компания ходимларидан узр сўраган эди. Нвидиа мазкур ҳолат юзасидан мустақил текширув бошлаган. Трампнинг айтишича, у Хуангга қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳволини сўраган. Шунингдек, президент аёлнинг жосус эканини Хуанг билмаганига ишонишини билдирган.
Трамп журналистларга берган изоҳида Хуангни доимо юксак ахлоқий фазилатларга эга инсон деб билганини айтиб, ушбу можаро унга муаммо туғдирмаслигига умид билдирди. Унинг қайд этишича, Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) ҳам иш тафсилотларини текширмоқда.
Хуанг билан муносабатда бўлгани айтилаётган Megaspeed компанияси раҳбари Элис Хуанг Хитой фойдасига жосуслик қилиш ва АҚШнинг Хитойга сунъий интеллект чипларини етказиб бериш бўйича чекловларини четлаб ўтишга уринишда гумонланмоқда. АҚШ махсус хизматлари аёл устидан камида бир йил давомида электрон кузатув олиб боргани айтилмоқда.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги эса жосуслик ҳақидаги айбловларни рад этди. Вазирлик вакили Го Сзякун бу даъволарни асоссиз деб атаб, Хитойга нисбатан туҳмат эканини таъкидлади.
Шунингдек, 9 ноябрь кунги савдоларда Nvidia акциялари 4,2 фоизга арзонлашди. Компания қимматли қоғозлари Dow Jones ва Nasdaq индексларига кирувчи компаниялар орасида энг катта пасайишни қайд этди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!