Тошкент вилоятининг Қибрай туманида тўй кортежи вақтида автомобиль йўлини тўсиб, илонизи шаклида ҳаракатланган ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди. Ҳолат юзасидан жами саккиз нафар ҳайдовчи аниқланиб, улардан бири 15 суткага маъмурий қамоққа олинди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда тўй маросими вақтида йўл ҳаракати қоидалари бузилгани акс этган видеолар тарқалган. ЙПХ ходимлари тасвирларни ўрганиб, ҳуқуқбузарликлар Қибрай туманида содир этилганини аниқлаган.
Текширув давомида ҳайдовчиларнинг уч нафари гуруҳ бўлиб ҳаракатлангани учун маъмурий жавобгарликка тортилган. Қолган беш нафарига автомобиль йўлини қасддан тўсиш ҳамда илонизи шаклида ҳаракатланиб, транспорт воситасидаги йўловчилар ҳаётини хавф остига қўйиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар юзасидан баённомалар расмийлаштирилган.
Суд қарорига кўра, тўрт нафар ҳайдовчи бир йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, қўшимча равишда 25 БҲМ миқдорида жаримага тортилган. Ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган яна бир шахсга эса 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Ҳозирда аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан тегишли маъмурий чоралар қўлланган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!